BBC navigation

Ўзбекистон янги йилдан Тожикистонга газ узатишни тўхтатади

Сўнгги янгиланиш 25 декабр 2012 - 10:29 GMT

Шу йил бошида газ инқирози Президент Каримов ва Раҳмоннинг аралашуви ортидан ечилганди

Россия хабар агентликларининг тожик мулозимларига иқтибосан хабар беришича, Ўзбекистон 2012 йилнинг 31 декабридан Тожикистонга газ узатишни тўхтатади.

РИА Новости агентлигининг Тожикистон Энергетика саноати вазирлигидаги манбаъдан иқтибос келтиришича, икки томон газ таъминоти борасида ҳар йили йил охирида келишув имзолайдилар.

"Ноябрда биз "Ўзтрансгаз"га бу тўғридаги расмий мактубни юборганмиз, аммо ҳозиргача жавоб олганимиз йўқ", - деган тожик мулозими.

Айни пайтда Тожикистоннинг "Азия-плюс" агентлиги ҳукуматга яқин манбаъга таяниб, ўзбек гази юзасидан музокаралар "амалга ошмагани" ҳақида хабар берган.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистонга узатиладиган газнинг ҳажми ҳозирнинг ўзида сезиларли даражада қисқарган.

21 декабр куни газ етишмаслиги туфайли Тожикистоннинг энг йирик саноат корхоналаридан - "Тожикцемент"нинг фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабар тарқатилганди.

"Авеста" агентлигининг хабарига кўра, Ўзбекистон Тожикистонга газ узатишни жорий шартнома тугаши билан, 31 декабр, қоқ ярим тунда тўхтатади.

Тожик томонининг айтишича, жорий шартномага мувофиқ, Ўзбекистон Тожикистонга 145 миллион кубометр газ етказиб бериш мажбуриятини олган, аммо ҳозирга қадар 134 миллион кубометр газ етказилган, холос.

Тожикистон ўзбек газининг ҳар минг кубометри учун 300 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлайди.

Ўзбекистон Тожикистоннинг ягона газ таъминотчиси ҳисобланади.

Ҳар йили янги йил арафасида икки давлат ўртасида газ юзасидан можаролар юз бериб туради.

Кузатувчиларга кўра, газ можароси икки давлат ўртасидаги сиёсий масалага айланган.

Тожикистон Ўзбекистонни газдан сиёсий босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланишда айблаб келади.

Шу йил бошида Ўзбекистон Тожикистонга газ ҳажмини қисқартирганини бошқа хорижий шериклар, хусусан, Хитой олдидаги шартномавий мажбуриятлари билан тушунтирганди.

Ўзбекистоннинг ўзида сўнгги йилларда қиш мавсумида сурункали газ тақчиллиги кузатилади.

Кузатувчилар ҳукумат четга сотиладиган газнинг салмоқли қисмини ички истеъмолчилар ҳисобидан қоплашини айтадилар.

Расмийлар эса кўпинча газ тақчиллигини аҳолининг қарздорлиги билан тушунтиришади.

Россияга газ сотиш камаяди

Душанба куни Тошкентга сафар қилган Россиянинг газ монополисти-"Газпром" ширкати раҳбарияти ўзбек томони билан ўтган музокаралар ортидан "Газпром" сотиб оладиган ўзбек газининг ҳажми сезиларли даражада қисқаришини маълум қилган.

Россия ширкати матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, "Газпром" раҳбари Александр Медведев ҳамда "Ўзбекнефтгаз" раиси Шокир Файзуллаевлар имзолаган битимга мувофиқ, "Газпром" 2013 йилда Ўзбекистондан 7 ярим миллиард кубометр газ сотиб олади.

Бу Россия сотиб оладиган ўзбек газининг ҳажми жорий йилдагидан 1 миллиард кубометрдан кўпроққа камаяди, деганидир.

"Газпром" ўзбек газининг ҳар минг кубометри учун 250 доллар ҳақ тўлайди, оврўполик мижозлар эса Россия ширкатидан газни 300 доллардан сотиб оладилар.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.