BBC navigation

Ўзбек-Қирғиз чегарасида тўқнашув юз берган

Сўнгги янгиланиш 7 январ 2013 - 09:11 GMT

Ўзбек-Қирғиз чегарасида тез-тез можаролар содир бўлади.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги Сўх анклавида қирғиз чегарачилари билан тўқнашув келиб чиққан.

Кейинги хабарларга кўра, Ҳушёр қишлоғи аҳолиси қўлида гаровда бўлган 20 дан ортиқ қирғизистонликлар уйига қайтгани айтилмоқда.

Боткент вилоят ҳокимияти матбуот котиби Мамажон Бердишевнинг Би-би-сига айтишича, 5 январ куни Қирғизистон чегарачиларига Сўх анклави Ҳушёр қишлоғи аҳолиси томонидан ҳужум хавфи туғилган. Ҳужумни бартараф этиш учун чегарачилар ҳавога ўқ узишган.

Бироқ 6 январь куни эрталаб минг киши атрофидаги ғазабнок оломон чегара атрофида тўпланган.

Можаро

“Бизнинг участка милиционеримиз уларга ноқонуний ҳаракат қилаётларини тушунтирмоқчи бўлганида, оломон милицеонарни аёвсиз калтаган. Унинг машинаси пачақлаб ташланган. Кейинчалик ушбу тўпалон кенгайиб кетди. Ўзбекистон республикаси фуқаролари қўшни қирғиз қишлоқларида яшовчи аҳолини гаровга ола бошлади”, - дейди Мажанон Бердишев.

40 киши атрофидаги одам гаровга олинган. Улар қирғизистон фуқаролари ва ўша куни Сўхдан ўтаётган кишилар бўлган.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари билан олиб борилган мулоқотлар натижасида ёш бола ва аёллардан иборат 14 киши 7 январ тонги соат 4 да гаровдан озод қилинди.

Ҳушёр қишлоғи аҳолиси қўлида 24 нафар қирғизистонлик гаровда қолмоқда. Ҳушёрликларнинг нима истаётгани маълум эмас. Улар билан Сўх тумани ҳокими ва қирғиз томонидан тегишли идоралар мунозара олиб бормоқда.

Боткент вилоят прокуратураси чегара нуқтасига ҳужум ва гаровга олиш бўйича икки жиноят иши очган.

Айни вақтда Боткент вилоятининг икки юз атрофидаги аҳолиси гаровдагиларни озод қилишни талаб қилиб чегара атрофига тўплангани айтилмоқда.

Ҳушёрликларнинг ғазабга клишига қишлоқ ёнида қурилаётган чегара пости сабаб бўлган бўлиши мумкин. 2010 йилги можародан сўнг Қирғизистон томони ушбу қишлоқ атрофида чегара постини қуриб бошлаган. Шу вақтгача ушбу пост автоном равишда электр энергияси билан таъминланган.

Янги йилдан бошлаб қирғиз томони чегара нуқтасига сим ёғоч торта бошлаган. Ушбу ҳаракат маҳаллий аҳолини жунбушга келтирган бўлиши мумкин.

Қирғиз томони ўзбекистонликларнинг чегара нуқтаси қурилишига нима сабабдан норози бўлаётганини муҳокама қилишга ҳеч ким чиқмаётганини айтмоқда. Уларга кўра ҳушёрликлар чегараларнинг мустаҳкам бўлишини истамаяпти.

Боткент вилоят ҳокимияти матбуот котиби Мамажон Бердишевга кўра, 1999-2000 йиллари Боткент вилоятидан Ўзбекистон ҳудудига жангарилари сизиб кирганида Ўзбекистон томони Сўх анклавига ўз ҳарбийларини жойлаштиришда эркин ҳаракат қилган. Янги қурилаётган чегара нуқтаси Ўзбекистон қўшинларининг эркин ҳаракатланишига монеълик қилиши мумкин. Шу жиҳатдан ўзбекистонликлар чегара нуқтаси қурилишига қаршилик қилаётган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон томони Сўх анклавидан ҳарбийларнинг бир қисмини олиб чиқиб кетган. Ҳозир у ерда чегара нуқтаси ва чегарачилар хизмат ўтамоқда.

Қирғизистон томони Ўзбекистондан ўтувчи барча транзит йўлларни ёпган. Анклав ортида қолган қишлоқлар билан алоқа айланма йўллар орқали ташкил қилинган.

Ўзбек томонига кўра

Маҳаллий аҳоли билан юзага келган можаро туфайли қирғиз чегарачилари одамларга қарата ўқ узиб, беш кишини яралаган.

Воқеа жойига ўзбек чегарачилари келиб, иш олиб борилаётган ҳудуд Ўзбекистонга қарашли эканини ва чегарада вазиятни мураккаблаштирмаслик учун ишни тўхтатишни талаб қилганига қарамасдан қирғизлар бу гапларга қулоқ солишмаган.

"Шу тариқа, қирғиз чегарачиларининг ўйланмаган ва қонунга қарши ҳаракатлари можарони келтириб чиқарди. Айни пайтда Ўзбекистон ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари томонидан жиноий иши очилган ва суриштирув олиб борилмоқда",- таъкидлашган миллий хавфсизлик хизмати расмийлари.

Ўзбекистоннинг Сўх анклави ва Боткент вилояти қишлоқлари ўртасида 2010 йилнинг 26 майда ҳам тўқнашувлар келиб чиққан эди.

Можаро Сўхнинг Ҳушёр қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткент вилояти тасарруфидаги Сўғмент қишлоғи аҳли ўртасида тўқнашувлар юзага келиши ортидан бошланган эди.

Қирғиз томонининг фаразича, Ҳушёр қишлоғи яшовчилари Сўхдан ўтиб бораётган икки, айрим хабарларга кўра эса, тўрт автоуловдаги Қирғизистон фуқароларини тўхтатиб дўппослаганлар.

Ҳушёрликларнинг боткенликлар томонидан қўшни мамлакат фуқароларига Қирғизистон ўтлоқларидан фойдаланишни ман этишидан ғазабга келгани айтилади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.