BBC navigation

Қирғизистон Ўзбекистонни "асоссиз баёнотлар" беришдан тийилишга чақирди

Сўнгги янгиланиш 9 январ 2013 - 14:48 GMT

Cўх анклавидан Ўзбекистонга борувчи ягона автомобил йўли беркитилган

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги қўшни Ўзбекистонни Сўх анклави атрофида тўрт кун муқаддам юз берган зўравонликлар юзасидан қўшма тергов гуруҳи ишлари якунлагунга қадар "асоссиз баёнотлар" беришдан тийилишга чақирган.

Икки кун олдин расмий Тошкент можаро бошланишида Қирғизистон ҳарбийларини айблаган ва улар Ўзбекистон фуқароларига қарши ўт очиб, беш кишини ярадор қилишган, деб билдирганди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги "чегара масалаларини одамларни гаровга олиш усули билан ҳал қилиш ҳаракатлари хавотирга солади, улар диққат билан ўрганишни ва айбдорларни холис жазолашни талаб қилади," дея баёнот тарқатган.

Ўтган якшанба куни Сўх анклавидаги Ҳушёр қишлоғи аҳолиси 30 нафардан ортиқ Қирғизистон фуқаросини гаровга олишгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистонликларга кўра, бунга сабаб Қирғиз чегарачилари Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний кириб, симёғочлар тортишади. Ушбу амалга ҳушёрликлар норозилик билдирганида, қирғиз чегарачилари қуролсиз ўзбекистонликларга қарши ўт очишади.

Бунинг натижасида ўртада можаро чиқиб, сўхликлар бир нечта қирғиз фуқаро ва ҳарбийсини гаровга олишади.

Ҳозир барча гаровдагилар озод қилинган.

Қирғиз томони қирғиз-ўзбек чегарасининг Боткен вилоятидаги қисмини бутунлай ёпиб ташлаган.

Шунингдек, Сўх анклавини Ўзбекистон билан боғлайдиган ягона Сўх-Риштон автомобил йўли ҳам беркитилган.

Бишкек расмийлари олинган тадбирни "чегарада вазиятни барқарорлаштиришга йўналтирилган чора," деб тасвирлаганлар.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, 5-январ куни Қирғизистон жанубидаги Боткен вилояти "Чорбоғ" чегара маскани атрофида электр симёғочларини ўрнатиш ишларининг бошлатилиши Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх анклавида жойлашган Ҳушёр қишлоғи аҳолисининг ғазабини келтирган.

Ҳушёрликлар 6-январ куни мазкур ишлар амалга оширилаётган жойга йиғилганлар ва электр симёғочларини ўрнатишни тўхтатишни талаб қилганлар.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг "агрессив муносабати"га жавобан қирғиз ҳарбийлари осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узишга мажбур бўлганлар.

"Қирғизистон фуқароларининг Ўзбекистон фуқаролари томонидан гаровга олиниши инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига зид келади", - деб билдирган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Олдинроқ Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси махсус баёнот чиқариб, қирғиз чегарачиларини Сўх анклавидаги вазиятни кескинлаштиришда айблаганди.

Ўзбекистон расмийларига кўра, қирғиз чегарачилари Сўх туманидаги Ҳушёр қишлоғининг беш яшовчисини ярадор қилганлар.

Ўзбек томони мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатганини маълум қилган.

Боткен туман прокуратураси ҳам Ўзбекистон фуқароларининг қирғиз чегарачиларига ҳужуми ва фуқароларни гаровга олиши бўйича иккита жиноий иш очганини билдирган.

Ҳозирга келиб қирғиз ва ўзбек расмийлари бир ҳафта ичида Сўх анклавига боғлиқ муаммони ҳал қилиш ҳақида келишув имзолаганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.