BBC navigation

Ўш: Полковник қотилининг фотороботи эълон қилинди

Сўнгги янгиланиш 12 январ 2013 - 13:08 GMT

Расмий хабарларга кўра, ҳозир Ўш шаҳридаги барча милиция идоралари фавқулодда ҳолат шароитида иш олиб боришмоқда ва шаҳар атрофида шошилинч равишда блок-постлар ўрнатилган

Фоторобот Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган. Жанубий Ўш, Жалол-Обод ва Боткен вилоятлари бўйича Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бўлими бошлиғи Тўлқинбек Шоноев жума куни кечқурун ўлдириб кетилганди.

35 ёшда бўлган полковникнинг ўз уйи ёнида номаълум шахслар ҳужумига учрагани айтилади. Хабарларга кўра, Тўлқинбек Шоноевга қарата тўққизта ўқ узилган ва беш еридан ўқ еган зобит воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.

Юз берган ҳодиса ортиданоқ Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев мамлакат Ички ишлар вазирлигига юз берган қотилликни синчиклаб ўрганишга буйруқ берган.

Расмий хабарларга кўра, ҳозир Ўш шаҳридаги барча милиция идоралари фавқулодда ҳолат шароитида иш олиб боришмоқда ва шаҳар атрофида шошилинч равишда блок-постлар ўрнатилган.

Жорий пайтда қотилликка гувоҳ бўлганлар сўроқ қилинмоқда ва қуролли ҳужум тафсилотлари синчиклаб ўрганилмоқда.

Ўз вилояти прокуратураси юз берган ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғаган ва махсус тергов-оператив гуруҳлари ҳам тузилган.

Тергов амалиётларини ўтказиш учун Ички ишлар вазири муовинларидан бири бошчилигидаги махсус ҳайъат зудлик билан минтақага жўнаб кетган.

Қотилликда ташқи кўринишидан маҳаллий фуқаролар экани айтилаётган 20-30 ёшларда бўлган шахслар гумон этилишмоқда

Қотилликда ташқи кўринишидан маҳаллий фуқаролар экани айтилаётган 20-30 ёшларда бўлган шахслар гумон этилишмоқда.

Масъуллар полковникнинг ўлдирилиши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканини тахмин этишмоқда.

Бугун шанба куни юз берган ҳодиса юзасидан Қирғизистон Олий Кенгаши Мудофаа ва хавфсизлик қўмитасининг фавқулодда йиғини ҳам бўлиб ўтган.

Қўмита раиси, хавфсизлик хизмати генерали Тўқон Мамитов, “марҳум зобит ҳамкасблари орасида сотқинлар борлиги ва улар полковник Шоноевни ўлдиришдан алоҳида манфаатдор бўлган бўлишлари мумкин”лигини айтган.

Унга кўра, “қотиллик қурбони бўлган Тўлқинбек Шоноевнинг қўлида уюшган жиноий гуруҳларни ошкор этган ҳужжатлар бўлган ва улар билан бирга ўзларининг ҳам сирлари очилиб қолишини истамаган сотқин зобитлар шу ҳақдаги маълумотларни қотилларга сотиб боришган”.

Генерал Қирғизистон Ички ишлар вазирлигини кескин танқид қилиб, тегишли қонунларга ҳуқуқ-тартибот ходимларига қаршилик қилган шахслар учун кўзда тутилган жазо чораларини кучайтирувчи қўшимча моддалар киритилишини таклиф қилган.

Бунга ўхшаш қотиллик ҳоллари собиқ президент Асқар Акаев даврида ҳам кузатилган, Қурмонбек Бакиев раҳбарлиги остида эса, янада кучайган.

Айрим маълумотларга кўра, ўтган йиллар давомида ўндан ортиқ давлат арбоби, юқори лавозимлардаги ҳуқуқ-тартибот зобитлари, журналистлар ва жамоатчи фаоллар ўлдирилган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.