BBC navigation

Қирғиз депутати: чегара муаммолари дипломатик йўлда ечилиши керак

Сўнгги янгиланиш 15 январ 2013 - 13:56 GMT

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги Сўх анклавидан хабарлар олиш ва уларни текшириш мушкул қолмоқда.

Ўтган ҳафта ўндан ортиқ қирғизнинг сўхликлар тарафидан қисқа муддат гаровга олиниши ортидан келиб чиққан можаро ҳалигача расмий якунини топмаган.

Маълум бўлишича, Сўх аҳолиси ва ҳудуд атрофида истиқомат қилувчи қирғизлар чегара нуқталарини ёпиқ қолаётганидан азият чекишмоқда.

Ўтган ҳафта охирида Қирғизистон парламенти ҳайъати мамлакатнинг Сўхга яқин ҳудудларига сафар қилиб, вазиятни ўрганган.

Ҳайъат таркибида бўлган депутат Нодира Норматова Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида олий даражали дипломатик музокаралар ўтказишга чақирган.

Би-би-си Норматова хонимдан Боткен вилоятининг чегарага туташ ерларда аҳоли нақалар зич яшаши ва икки томонда жойлашган қишлоқлар чегарага қанчалар яқинлиги борасида сўраган.

Нодира Норматова: У ерда чегарани қўриқлаётган аскарларимиз гарнизони бор. Чегарага туташ Чорбоғ қишлоғида ўндан ортиқ хонадон жойлашган. Умуман, қишлоқ Сўх анклави билан чегарадош. Ўртадан ўтган йўл эса, ҳар икки мамлакатга ҳам тегишли. Ундан икки томон аҳолиси фойдаланади. Бу жуда ачинарли. Чунки, ўша йўлнинг фақат икки метри Ўзбекистон тарафига ўтказилгани учун у ерда 6та симёғоч ўрнатиш эҳтиёжи вужудга келган.

Би-би-си: Сўх анклави атрофида сўнгги ҳафталар кузатилган можарони қандай изоҳлайсиз? Келажакда бу каби зиддиятларнинг олдини қай йўсин олиш мумкин?

Нодира Норматова: Ушбу воқеа давлатимиз мустақиллигини ҳурмат қилмаслик, қолаверса, яхлитлигини оёқости қилиш учун баҳона бўлган. Ва бир давлат иккинчи бир мамлакатни ҳақорат қилганлиги десак ҳам муболиға бўлмайди. Давлат тепасида турган Президент ва Бош вазиримиз раҳбарлигида, парламент иштирокида икки томон ўртасидаги масала дипломатик музокаралар йўли билан ечилиши лозим. Ва худди шу асосда муаммони бартараф этиш ва унга батамом нуқта қўйиш вақти келди, деган фикрдаман.

Би-би-си: Чегара муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дипломатик музокаралар олдин ҳам ташкил қилинган ва бу борада анчайин саъй-ҳаракатлар олиб борилганди. Аммо, улар самара бермаган ва вазият бугунги ҳолатга тушиб қолган эмасми? Сизнингча, яна қандай дипломатия бўлиши керак?

Нодира Норматова: Дипломатик музокаралар юритишда, у Ўзбекистон томони билан бўладими, Тожикистонми, энг аввало тенг ҳуқуқли тараф ўлароқ музокараларга иштирок этишимиз шарт. Мени афсусланишга мажбур қилаётган бир жиҳат - йигирма йилдан ортиқ вақт давомида чегара муаммоларига жавобгар арбобларимиз ўз вазифаларини маромига етказиб бажармай келгани. Худди шу сабаб, чегара масалаларида аҳвол шу даражага етган. Энди биз Қирғизистон ҳудудидаги Ўзбекистон анклавлари тақдирини ва мунозарали чегара масалаларини ҳукуматлараро комиссиясига топширмасдан, олий даражадаги дипломатик музокаралар орқали ҳал этишимиз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.