BBC navigation

Тожикистонда Facebook ка яна тўсиқ қўйилди

Сўнгги янгиланиш 17 январ 2013 - 11:10 GMT

Сўнггги бир йилда Тожикистонда Facebook ка учинчи марта тўсиқ қўйилмоқда

Тожикистонда Facebook ижтимоий тармоқ саҳифаси тўсиб қўйилган.

Шунингдек, АҚШ томонидан молияланадиган "Озод Оврўпо-Озодлик радиоси"нинг тожик хизмати ҳам пайшанба куни тонгда тўсиқ қўйилган вебсайтлар рўйхатида бўлган.

Маҳаллий интернет провайдерлари ушбу веб саҳифаларга кириш Тожикистон Алоқа хизматининг кўрсатмасига биноан чеклаб қўйилганини айтишган.

Аммо расмийлар бундай кўрсатма мавжудлигини рад этишмоқда.

"Азия Плюс" хабар агентлигига кўра, бир неча маҳаллий провайдерлар бу ҳақда оғзаки кўрсатма берилганини айтишган.

Бу сўнгги бир йил мобайнида энг оммабоп ижтимоий тармоқ саҳифасининг Тожикистонда учинчи марта блок қилиниши.

Охирги марта Facebook ка кириш ўтган йилнинг 26 ноябридан 7 декабрига қадар чеклаб қўйилганди.

Чеклов Оврўпо Иттифоқи ва АҚШнинг танқидларидан сўнг бекор қилинган.

Ўшанда Тожикистон Алоқа хизмати раҳбари Бег Зуҳуров Facebook "жамоатчилик илтимосига биноан" ёпиб қўйилганини айтиб, тожикистонлик айрим фойдаланувчиларни мамлакатдаги "ҳурматли шахсларни ҳақоратлаш"да айблаган.

Сайловлар

Facebook ка сўнгги чеклов ижтимоий тармоқ саҳифасида исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг суратлари чоп этилиши ортидан жорий этилмоқда.

Шу ҳафта бошида тожикистонлик таниқли журналист ва мухолифатчи Додожон Атовуллоев Facebookдаги саҳифасида Худойбердиевнинг янги суратларини чоп этган.

Расмий Душанбе Президент Раҳмонга мухолифатда бўлган полковникнинг Ўзбекистонда яширинаётганига ишонади.

Би-би-си билан суҳбатда Додожон Атовуллоев исёнчи полковникнинг суратлари 2012 йил баҳорида тожик журналисти томонидан Тожикистоннинг Анзоб довонида олинганини айтган.

Таҳлилчилар Facebook ва яна бир қатор сайтларнинг тўсиб қўйилишини мамлакатда яқинлашиб келаётган президентлик сайловлари билан боғлашмоқда.

Имомали Раҳмон фуқаролар урушини бошдан кечирган Тожикистонни 20 йилдан буён бошқаради ва осонлик билан яна бир муддатга сайланиши кутилмоқда.

Шундай бўлса-да, таҳлилчиларга кўра, Раҳмон ҳукумати сайловлар арафасида мухолифат намояндаларининг фаоллашувидан "асабийлашаётгани" кузатилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.