BBC navigation

Тожикистонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларига қарши амалиёт ўтказилди

Сўнгги янгиланиш 18 январ 2013 - 11:40 GMT

Тожикистон Ички Ишлар вазири Рамазон Раҳимов Афғонистондан Тожикистон шимолига сизиб кирган "террорчи гуруҳ"нинг 10 аъзоси қўлга олинганлигини маълум қилди.

Жаноб Раҳимовнинг айтишича, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари, дея айтилган шахсларни қўлга олиш амалиёти мобайнида полиция ходимларидан бир киши ҳалок бўлиб, яна 2 киши жароҳатланган.

Исломий Ҳаракат аъзолари Тожикистон шимолига қачон ва қай йўл билан кириб келганликлари тафсилотлари айтилмаган.

Душанбедаги матбуот анжуманида ҳаммаси бўлиб мамлакат ҳудудига неча нафар исломий жангарилар кириб келганликлари ҳам айтилмади, лекин норасмий манбалар уларнинг сонини 300 нафар атрофида, дея айтмоқдалар.

Расмийларга кўра, бу йил Тожикистонда ўтказилиши режаланган президентлик сайловларидан аввал террористик ва қўпорувчи гуруҳларнинг фаолияти кучайиши кутилмоқда.

Айни вақтда пойтахт Душанбеда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, турли тайёргарлик амаллари ўтказилаётганлигига гувоҳ бўлиш мумкин.

Шаҳар аҳолиснинг айтишича, баъзи мавзеларда охирги кунларда полиция ходимлари уйма-уй юриб, ҳужжатларни текширмоқдалар.

Душанбедаги матбуот анжуманида Ички Ишлар Вазири ҳужжатларни текшириш жараёни "хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўтказилаётганлиги"ни айтди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.