BBC navigation

Сўх: қирғиз томони ўзбек фуқароларининг гаровга олинганини рад этди

Сўнгги янгиланиш 22 январ 2013 - 12:42 GMT

Чегараларнинг ёпилиши сабаб Ўзбекистоннинг Сўх тумани қамал остида қолган

Қирғизистон чегара хизмати Ўзбекистон фуқароларининг Боткен яшовчилари томонидан гаровга олингани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Қирғиз чегара хизматининг Боткен вилояти бўлими матбуот котиби Гулмира Бўрибоеванинг Би-би-сига айтишича, Сўх туманининг уч нафар яшовчилари шу йилнинг 12 январ куни Боткен вилоятининг Қадамжой туманидаги чегара нуқтасидан ноқонуний равишда ўтишга уринган пайтлари ҳибсга олинган.

Бўрибоева хонимнинг айтишича, Ўзбекистон фуқароларининг ёнида шахсларини тақдиқловчи ҳужжат ҳам бўлмаган.

Қирғиз чегара хизмати вакилининг айтишича, Сўх туман Сариканда қишлоғида яшовчи Юнусжон Каримов, Рустам Нишонов ва Фируз Йўлдошевлар Фарғона вилоятининг Риштон туманидан Қирғизистоннинг Қадамжой тумани орқали Сўхга-уйларига бораётган бўлишган.

Риштонда 2 мингга яқин сўхликларнинг тўпланиб қолгани айтилади.

Хабарларга кўра, уларнинг аксарияти маҳаллий коллеж биносида яшамоқда.

Гулмира Бўрибоевага кўра, 6 январда Сўх тумани билан чегарада содир бўлган ҳодисалар ортидан Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси шу йилнинг 6 январида чиқарилган буйруғи билан Сўх билан чегарадаги 7 та ўтиш нуқтасида ҳаракатни тақиқлаган.

Қирғиз мулозимига кўра, ҳозирда сўхлик уч ўзбек фуқаролари Боткен вилоят ички ишлар бошқармасининг ҳибсхонасида сақланмоқда.

Аввалроқ қирғиз милицияси уларнинг Қирғизистон давлат чегарасидан ўтиш тартибини бузгаликда айбланаётганликларини айтган.

Шу тариқа қирғиз томони ўзбек фуқароларининг Қирғизистон ҳудудида гаровга олинганликлари ҳақидаги хабарларни рад этган.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев ўз манбаъларига таяниб, сўхликларнинг қирғизлар томонидан гаровга олинганликлари ва дўппосланганликлари ҳақида хабар тарқатганди.

Чегарадаги вазият

6 январ куни Сўх-Боткен чегарасида юз берган ҳодисалар ортидан Ўзбекистоннинг Сўх анклави атрофидаги вазият таранглигича қолмоқда.

Ҳодисада қирғиз чегарачилари 5 нафар ўзбек фуқароларини яралаган ва бундан ғазабга келган Сух туманининг Ҳушёр қишлоғи яшовчилари Қирғизистон ҳудудидига ўтиб, бир неча машиналарга ўт қўйган ва 10 дан ортиқ қирғиз фуқароларини гаровга олишган.

Ўзбекистон қирғиз томонини Сўхдаги вазиятни кескинлаштиришда айблаган ва Қирғизистон билан барча чегара-ўтиш нуқталарини ёпиб қўйган.

Сешанба куни қирғиз чегара хизмати Ўзбекистон Қирғизистон билан темирйўл ўтиш нуқталарини ҳам ёпиб қўйганини маълум қилган.

Ўзбек томони Сўхга ёрдам амалиётини бошлаган

Қирғиз расмийларига кўра, Ўзбекистон Қизилқия, Қорасув, Жалолобод ҳамда Шамлдисай темирйўл-ўтиш нуқталарини бутунлай ёпган.

Бу темир йўл нуқталаридан юк карголари ўтиши айтилади.

Қирғиз томони ҳозирда Ўзбекистон ҳудудидаги ўз аҳоли пунктлари учун Сўхни айланиб ўтувчи йўл қурилишини бошлаб юборгани хабар қилинган.

Ёрдам амалиёти

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати 6 январ ҳодисалари остидан қамал ҳолатида қолаётган Сўх аҳолисига ёрдам етказиша амалиётини бошлагани ҳақида хабарлар олинган.

Риштонлик журналист Баҳодир Элибоевнинг айтишича, ҳозирда Риштон туманига озиқ-овқатлар юкланган камида 12 юк машинаси етиб келган.

Сўх вилоятига озиқ-овқат ва дори-дармонлар етказиб бериш қарори Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев якшанба куни анклавдан қайтиши ортидан олинган.

Янги йил бошида Сўх анклавидаги Ҳушёр аҳолиси ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги чегарачилар ўртасида юз берган тўқнашувлар ортидан Қирғиз расмийлари Ўзбекистондан Сўх анклавига борувчи Риштон-Сўх автомобил йўлини бутунлай беркитиб ташлаганди.

Натижада Сўх анклавида нарх-навонинг кескин кўтарилгани хабар қилинади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.