BBC navigation

Тожикистон темир йўли бошлиғининг ўғли рўзномани маҳкамага берди

Сўнгги янгиланиш 28 январ 2013 - 18:46 GMT

Ошкор этилган маълумотлар Тожикистондаги бир қанча юқори лавозимли мулозимларнинг ўзи гиёҳванд моддалар савдосига аралашганини кўрсатади.

Тожикистоннинг юқори лавозимли мулозимларидан Тожик темир йўлларининг раҳбари Омонулло Ҳукумовнинг ўғли - Рустам Ҳукумов "Имруз-ньюс" рўзномасига қарши шикоят аризаси билан чиққан.

Рустам Ҳукумов гўёки ўзига етказилган маънавий зарар учун катта миқдорда моддий тавон талаб қилмоқда.

Рустам Ҳукумовнинг норозилигига рўзномада ўтган йилнинг октябр ойида босилган россиялик учувчиларнинг Тожикистонда ҳибсга олиниши ва тожик корчалонининг қамоқдаги ўғли озод қилиниши ҳақидаги мақола сабаб бўлган.

Даъвогар шаҳар маҳкамасидан ишни омманинг эътиборидан холи, ёпиқ тартибда кўриб чиқишни сўраган. Ҳукумов ўзига етказилган маънавий зарарни 50 минг сомони( 10 минг доллар) деб белгилаган.

Рустам Ҳукумовнинг номи Тожикистонда россиялик учувчиларни ҳибс қилиниши ортидан тилга тушади.

Ҳукумов ва Тожикистоннинг яна уч фуқароси Россия гиёҳванд моддаларга қарши кураш идораси ходимлари томонидан ҳали 2008 йилда ушланган.

2010 йил сентябрда Россия-Тожикистон фуқаролиги бўлган Ҳукумов маҳкамага тортилиб, 10 йилу олти ойга қамалади.

Маҳкама уни Россияга наркотик моддалар олиб ўтиш билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ тузишда айбдор деб топади.

2011 йилнинг охирида россиялик учувчи Владимир Садовничевнинг ватанига қайтарилиши билан Россия маҳкамаси Рустам Ҳукумовга нисбатан гиёҳванд моддалар билан савдо қилиш айблови ўз исботини топмаганини айтиб, уни қамоқдан озод қилади.

Таҳлилчилар Душанбе Россиядан учувчиларини озод қилиш эвазига Ҳукумовни қамоқдан чиқаришни талаб қилган бўлиши мумкинлигига ишонишади.

Бироқ расмий Душанбе ва Москва бу каби музокаралар ўтказилганини қатъий рад этган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.