BBC navigation

Қирғизистон, Ўзбекистонга экстрадицияни тўхтат!

Сўнгги янгиланиш 6 феврал 2013 - 10:17 GMT

Human Rights Watch Қирғизистонга ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини адо этиши лозимлигини эслатган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро Human Rights Watch ташкилоти қийноқларга солиниш хавфи борлиги сабабидан собиқ ўзбекистонлик имом Ҳабибулло Сулаймоновни ватанига экстрадиция қилмасликка чақирган.

Халқаро ташкилот Бишкекдаги апелляция маҳкамаси Ўзбек ҳукуматининг диний экстремизмга боғлиқ айбловлари сўровини рад этишга чақиради.

Қирғизистоннинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини адо этиши лозимлиги, қийноқлар кенг тарқалган ва мунтазам қўлланадиган Ўзбекистон сўровига жавобан собиқ имом экстрадиция этилмаслиги кераклиги айтилган.

Ўзбекистон фуқароси 56 ёшли Ҳабибулло Сулаймонов 2001 йиллан буён Бишкекда истиқомат қилиб келган.

У 2012 йил октябрида ҳибсга олинган ва ҳамон Бишкекдаги муваққат ҳибсхонада сақланмоқда.

Human Rights Watchга кўра, Қирғиз расмийлари Ҳабибулло Сулаймоновнинг бу мамлакатда бошпана изловчи сифатида рўйхатдан ўтиш ҳаракатларини орқага сурганлар.

Қирғизистон Давлат Хавфсизлик қўмитаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қочқинлар агентлиги вакилларининг Сулаймонов билан Бишкекдаги изоляторда учрашишларига рухсат бермаганлар.

2012 йил декабрида Қирғизистон прокуратураси Ўзбек расмийларининг Ҳабибулло Сулаймоновни Ўзбекистонга топшириш сўровини қондириш ҳақида қарор чиқарган.

Human Rights Watch 1 феврал куни Қирғизистон бош прокурорига йўллаган мактубида мамлакат халқаро мажбуриятларидан келиб чиқиб экстрадиция қарорини бекор қилишга чақирган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.