BBC navigation

Адвокат: Киев тожик сиёсий муҳожирини топшира олмайди

Сўнгги янгиланиш 8 феврал 2013 - 15:36 GMT

Абдумалик Абдулложонов Тожикистонда давлат тузимига тажовуз қилишда айбланмоқда

Тожикистон собиқ бош вазири, мухолифатчи Абдумалик Абдулложонов Киевдаги Лукьяновск муваққат изоляторда сақланмоқда.

Украина давлат органлари уни Тожикистонга топшириш борасида ҳозирга қадар узил-кесил қарорга келганлари йўқ.

Украина маҳкамаси пайшанба куни Абдумалик Абдулложоновни 40 кун давомида ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган.

Собиқ бош вазир ватанида давлат тузумига тажовуз қилиш дохил қатор жиноятларда айбланмоқда.

Украина милицияси 6 феврал куни Бориспол аэропортида Қўшма Штатлардан келган Абдумалик Абдулложоновни Тожикистон Бош прокуратураси сўрови билан ҳибсга олган.

Унинг адвокати Андрей Федур Би-би-си билан суҳбатда жаноб Абдуллажоновни олдиндан ҳибсга олиш режаси бўлганига ишонишини айтди.

Андрей Федур: Энг аввало, мен Бориспол маҳкамасининг Абдумалик Абдулложоновни муваққат ҳибсда сақлаш қарори шошилинч ва ҳаттоки шубҳали тарза олинган, деб ҳисоблайман. Ўйлашимча, маҳкама ўзини олдиндан ҳимоялаб олган кўринади. Қидирувда бўлган шахсни муваққат ушлаб туриш ҳақида Украинада мавжуд қонунчиликнинг ўзига хос жиҳатларини ҳам инобатга олиш лозим, деб ўйлайман. Қонунга кўра, маҳкамада ё прокуратура талабини қониқтириш ёда рад қилиш ваколати бор холос. Унда бундан бошқа йўл йўқ.

Муваққат ҳибсда сақлаш қарори кучда бўлган 40 кун ичида Тожикистон Украина масъул органларига Абдулложоновни экстрадиция этишни сўраб расмий талабнома йўллаши лозим. Ҳозирга қадар на менга ва на менинг ҳимоям остидаги шахсга бундай расмий ҳужжат келгани йўқ. Мен бундай ҳужжат йўқ, акс ҳолда бу ҳақда хабар берган бўлишарди, деб ўйлайман.

Украина жиноят процеуссуал кодексига мувофиқ, бир шахсни экстрадиция этишга оид ишни маҳкама кўриб чиқади. Сўнгра Бош прокуратура ушбу қарор юзасидан текширув ўтказади ва ана ундан кейин Абдулложоновни экстрадиция этиш масаласида якуний қарор олинади.

Мен Украина бундай қарорни олмайди, деб умид қиламан, зеро (бундай қарор) ноқонуний ва Украинанинг халқаро мажбуриятларига хилоф амал бўлади. Буни мен нафақат Украина, балки Тожикистон қонунчилигига асосланиб айтаяпман.

Би-би-си: Сиз Абдумалик Абдулложонов Қўшма Штатларда сиёсий муҳожир мақомига эга эканини тасдиқлай оласизми? Чунки, агар шундай бўлса, Украина, халқаро конвенцияларга мувофиқ, уни экстрадиция этишга ҳақли бўлмайди.

Андрей Федур: Шунинг учун ҳам мен экстрадиция этиш ҳақида қарор чиқмайди, деб умид қилаяпман. Ҳа, менинг ҳимоям остидаги шахс Тожикистонлик сиёсий қочқин ҳисобланади, у АҚШда яшайди ва айнан ўша ерда у сиёсий муҳожир мақомини олган.

Украина, жумладан Тожикистон ҳам, муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги БМТ Конвенциясини ратификация қилган. Ушбу Конвенцияда сиёсий муҳожир мақомига эга бўлган шахс, ўзи қочиб чиққан мамлакатга қайтарилиши мумкин эмас, деб аниқ таниқ кўрсатилган. Қочқин уни тошпириб юбориши мумкин бўлган мамлакатга ҳам берилмайди.

Бундан ташқари, мен тожик томони бугун Абдумалик Абдулложоновни экстрадиция этишни сўраб, Украинага ҳужжатларни йўллай олмайди, деб ҳисоблайман. Чунки, Тожикистон ҳам бу Конвенцияни имзолаган, ва у ерда собиқ бош вазир сиёсий қочқин мақомига эга эканини яхши билишади.

Шунинг учун агар барча халқаро битимга мувофиқ ҳаракат қилса, Украинага экстрадиция этиш ҳақидаги талаб келиб тушмайди.

Абдумалик Абдулложонов мана 16 йилдан буён Тожикистонда яшамайди. Тожикистон конституциясига мувофиқ, ушбу мамлакатда беш йилдан зиёд вақт яшамаган ва ушбу мамлакатнинг хориждаги консуллигида рўйхатдан ўтмаган шахс фуқаролик мақомини йўқотади.

Шунинг учун тожик томони Украинага мурожаат қилса, қандай қилиб ўз қонунларини четлаб ўтишини тасаввур қила олмайман.

Би-би-си: Абдумалик Абдулложонов қандай мақсадлар билан Украинага келгани сизга маълумми? Унинг дўсти, мухолифатдаги тожик журналистининг айтишича, Адбулложоновга бўлган таҳдид ҳақида огоҳлантиришган, бироқ у гўёки ўзи ишонган шахслар таклифи билан бораётганини айтган.

Андрей Федур: У Киевга Ню-Йоркдаги Украина консуллиги берган сайёҳлик визаси билан учиб келган. У ўз шахсий ишлари билан бир неча кунга келган.

Мен унинг қандай ишлари бўлганини айта олмайман, аммо менга адвокат сифатида унинг шахсий ишлари билан келганини билишнинг ўзи етарли. Абдулложоновни, ҳақиқатан ҳам, Бориспол аэропортида қарши олишлари керак эди. Аммо, уни ўзи истаган шахс кутиб олмаган. Шунинг учун менда бу ерда қандайдир фитна бўлган, дейишга асос бор.

Бу ҳақда Абдумалик Абдулложоновнинг ўзи ҳам айтаяпти. Афтидан, Қўшма Штатларда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган ва бу мамлакат фуқаролигини олиш учун барча босқичлардан ўтиб бўлган сиёсий муҳожирга нисбатан махсус амалиёт ўтказилган.

АҚШ фуқаролиги ҳақидаги қарор келгуси бир неча ҳафта, балки, ойлар ичида чиқиши лозим эди.

Абдумалик Абдулложонов Киевга учиб келган маҳалда, уни божхона ёки чегара назорат нуқтасида эмас, балки учоқдан чиқаверишда ушлаганлар.

Яъни, у ҳатто учоқдан аэропорт биносигача етиб бормаган. Воқеалар худди қандайдир ур-йиқит филмида бўладигани сингари ривожланган.

У ердан Абдулложоновни милиция бўлинмасига олиб борганлар, оқшомга яқин уни ушлаб туриш ҳақида протокол тузилган.

Би-би-си: Агар бир шахс Қўшма Штатларда сиёсий қочқин мақомига эга бўлса, бошқа мамлакатдан, хусусан Украинадан ҳам, айни мақомни сўрай оладими?

Андрей Федур: Албатта, инсон бундай ҳуқуққа эга, аммо у аллақачон бошқа мамлакатдан сиёсий муҳожир мақомини олган бўлса, айни асосда унинг бу сўровига рад жавоби берилади.

Би-би-си: Сиз Абдумалик Абдулложонов билан ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиш имконига эгамисиз?

Андрей Федур: Ҳа, адвокат сифатида мен ҳеч қандай чекловларсиз учрашиш ҳуқуқига эгаман.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.