BBC navigation

Қозоғистонда янги муфтий сайланди

Сўнгги янгиланиш 19 феврал 2013 - 13:39 GMT

Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси навбатдан ташқари йиғин чақириб, мамлакат бош муфтийсини ўзгартирган.

13 йилдан бери муфтийлик қилиб келаётган Абдусаттар ҳожи Дербисалининг ўрнини 41 ёшли Ержан Маямеров эгаллаган.

Собиқ муфти ўз хоҳишига кўра лавозимни тарк этган.

Янги сайланган Ержан Маямеров Ислом оламининг энг нуфузли олийгоҳларидан бўлмиш Мисрнинг Ал Азҳар университетини тамомлаган.

Диний идорадаги ўзгаришлар нимани англатади?

Бош муфтини алмаштириш жараёни навбатдан ташқари чақирилган қурултойда ҳал қилинган.

Остонада бўлиб ўтган қурултойни собиқ муфти Абдусаттор ҳожи Дербисали чақирган ва ўз хоҳишига кўра лавозимдан кетишини маълум қилган.

13 йил ушбу лавозимни эгаллаб келган ва 2010 йилнинг декабр ойида учинчи муддатга Қозоғистон Мусулмонлар Диний идорасига муфтий этиб қайта сайланган Дербисали жанобларининг нима учун истеъфога кетгани сабаблари аниқ эмас.

Собиқ муфти фаолиятини илмий - таълимий йўналишда давом эттиришини билдирган.

Янги сайланган 41 ёшли муфтий Ержан Маямеров 2011 йилдан бери Семей вилоят бош муфтиси бўлиб ишлаб келган.

Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи президенти Мурат Телибеков Абдусаттор ҳожи Дербисалининг ўз лавозимидан кетишини унинг соғлиғи ва вазифасини бажара олмагани билан изоҳлайди.

"Мамлакатда диний экстремизм кучайиб бораяпти, кўплаб одамлар хорижлик миссионерларнинг ишончи остига тушиб қолаётганди. Маҳаллий диндорларнинг обрўси кескин тушиб кетди. Уларнинг орасида коррупция кучайиб кетди. Имомларнинг ўрнини сотилиши ҳақида очиқ айтила бошланди. Бунинг ҳаммаси ушбу соҳа фойда кўришга асосланган индустрияга айланиб қолганидан дарак берарди", - дейди Мурат Телибеков.

Телибеков жанобларига кўра, янги сайланган имом ҳақида диндорлар кўп нарса маълум эмас. Мавжуд муаммоларни еча олишига кафолат йўқ.

"Бизнинг янги муфтийнинг ким эканлиги ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Унинг бирор маърузасини эшитмаганман. У на нотиқ, олим, теолог сифатида ўзини кўрсатгани йўқ. Одамнинг жамиятда оддий обрўси бўлиши керак. Айни ҳолатда мен фақат оппоқ саҳифани кўраяпман. У нима қила олиши мумкинлиги ҳақида айтиш жуда қийин", - дейди Мурат Телибеков.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.