BBC navigation

"Гумроҳлар йўли": Тожикистонда энг кўп "экстремистларни чиқарган" қишлоқ

Сўнгги янгиланиш 26 феврал 2013 - 10:35 GMT

"Гумроҳлар йўли" ҳужжатли филмида Покистонда таълим олаётган бир гуруҳ тожикистонлик ёшлар ҳақида ҳикоя қилади

Тожикистон жанубидаги Хатлон вилояти Қабодиён тумани ҳокимияти ушбу туман ёшларининг ифротий йўлларга кириб кетмасликлари учун бир неча режани ишлаб чиққан.

Бунга охирги уч йил ичида Қабодиёндан, хусусан туманнинг Қизилнишон қишлоғидан 31 инсон Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқадорликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилгани сабаб бўлган.

Тожикистон маҳкамалари Қизилнишон қишлоғидан жорий йилда олти нафар, 2012 йилда етти нафар, 2011 йилда эса 18 нафар инсонни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан ҳамкорлик қилишда айбдор деб топиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Бундан ташқари Қабодиён туманининг 28 яшовчисига нисбатан ифротий гуруҳларда фаолият юритиш айблови билан жиноий ишлар қўзғатилган.

Мазкур шахсларнинг аксари айнан Қизилнишон қишлоғидан экани айтилади.

Қабодиён ҳокимияти расмийларига кўра, жиноий ишлар қўзғатилган шахсларнинг аксари ҳозирда Тожикистондан ташқарида яшашмоқда.

Айни шу ҳолат Тожикистон хавфсизлик кучларини Қизилнишон қишлоғини қаттиқ назорат остига олишга ундаган.

Ушбу қишлоққа кирувчи ҳар қандай шахс Қабодиён хавфсизлик қўмитаси ва полицияси томонидан сўроқ қилинади.

Би-би-си мухбирларининг айни қишлоққа бориб, маҳаллий аҳоли билан гаплашишга уринишларии натижа бермади.

Қабодиён тумани ҳокимияти маҳаллий ёшларнинг экстремист фирқаларга кириб кетишларини бартараф этиш мақсадида ёрдам учун Қизилнишон қишлоғи кексаларига юзланган.

Қабодиён тумани прокурори яқинда қишлоқ яшовчилари ва имомхатибларига тумани ҳокимияти биносида Покистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтаётган бир гуруҳ ёшлар ҳақида ҳужжатли филм намойиш этган.

Туман прокурори Суҳроб Ҳусаинов мажлис иштирокчиларига "Масири гумроҳон" ("Гумроҳлар йўли") номли мазкур ҳужжатли филмни тақдим этаркан худкушлик ҳужумларини содир этиш машқларини ўтказаётганлар орасида тожик ёшлари ҳам борлигини айтган.

Суҳроб Ҳусаинов филмда намойиш этилган тожикистонлик ёшлар Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Покистондаги жамлоқларида ҳарбий таёргарликдан ўтаётганликларини маълум қилган.

"Ушбу филм намойиш этишдан мақсад Қизилнишон қишлоғи ёшларининг Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига қўшилиб кетганидан хавотирда эканимизни билдиришдир. Илтимос, бизга ёрда беринг. Фарзандларингизга исломий мамлакатларда норасмий таҳсил олишларига изн берманг. Қадрли имомхатиблар, масжидларда халқни тўғри йўлга ҳидоят қилинг. Уларга айтинг, бундай гуруҳларга қўшилмасинлар!” - деб айтган Қабодиён тумани прокурори.

Айни мулоқотда Қабодиён туманининг Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзо бўлган 28 яшовчиси "яқин кунларда исломий мамлакатлардан Тожикистонга" қайтарилиши маълум қилинган.

Мажлисда чиқиш қилган Қабодиён тумани имоми Сайдэҳсон Маҳмудов туман масжидларида ҳар намоздан олдин айни ташвишлар давомли изҳор этилаётганини айтган.

"Биз уларга фаолияти ман этилган ҳар қандай гуруҳга қўшилмасликни тушунтирамиз. Тумандаги барча масжидларда намоздан олдин айни мавзуни кўтарамиз. Ҳозиргача бизнинг ноҳиямиздан 19 ёш йигит исломий давлатларда норасмий таълим олмоқда. Уларни ортга қайтариш керак," - деб айтган Сайдэҳсон Маҳмудов.

Хувархон Орзуева эри ва икки ўғли аввал Покистонда яшашгани ва ҳозир Афғонистонда эканликларини айтган.

"Гумроҳлар йўли" филмини тамошо қилган Орзева хоним хавфсизлик кучларидан яқинларини ватанларига қайтаришни сўраган.

"Мен фарзандларим у ерда нима қилишаётганларини билмас эдим. Улар аввал Покистонда эдилар ва ҳозир Афғонистондалар. Мен эрим ва икки фарзандларимни ортга қайтаришда менга ёрдам беришингизни сўрайман. Ҳозиргача мен Афғонистондаги халқаро ташкилотларга бир неча марта мурожаат қилдим, аммо натижа бўлмади," - деб айтган Хуфархон Орзуева.

Таҳлилчилар сўзларига кўра, Хатлон вилоятида ёшларнинг экстремист ҳаракатларга қўшилиб кетишларига ишсизлик сабаб бўлмоқда экан.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.