BBC navigation

Қирғизистондаги "Қумтор" олтин кони омон қоладими?

Сўнгги янгиланиш 28 феврал 2013 - 15:06 GMT

Қирғизситон парламентида Канаданинг Centerra Gold ширкати томонидан юритилувчи "Қумтор" олтин кони фаолияти мамлакат иқтисоди ва атроф муҳитга зарар етказаётганлигини борасидаги масала кўриб чиқилмоқда.

"Қумтор" фаолиятини текшириш учун махсус ташкил этилган комиссия раҳбари, Иқтисод вазири Тимур Сариев Centerra Gold билан имзоланган келишув давлат манфаатларига зид равишда тузилгани ва ширкат фаолиятида кўплаб қонунбузарликлар мавжудлигини айтган.

Айтилишича, Қирғизистон ҳукумати конни юритиш ишларини эндиликда бутунлай ўз қўлига олишга ҳаракат қилмоқда ва бу йўлда лозим бўлса халқаро арбитражга мурожаат қилиши мумкин.

Давлат комиссияси маълумотига биноан, "Қумтор" олтин конини ишлатиш буйича хорижий ширкат билан 1992 йилда имзоланган келишувга мувофиқ 2007 йилдан конни бошқариш вазифаси Кирғизистон томонига ўтказилиши лозим эди.

Лекин Қирғизистонинг ўша даврдаги ҳукумати махфий ҳолда Centerra Gold билан янги келишув тузган.

Бу янги келишувга биноан Қирғизистоннинг лойиҳадаги улуши 67 фоиздан 33 фоизга, яъни икки барабарга пасайтирилган.

Адлия вазири Алмамбет Шикмаматовнинг айтишича, шунингдек Қирғизистон ҳукумати конни бошкаришдан бутунлай четлатилган ва фойда кўриш ўрнига аксинча, жиддий зарар кўра бошлаган.

Қирғизистон Олий Кенгаши Centerra Gold билан бу янги келишувга порахўрлик асосида эришилгани, шунинг учун собиқ президентлар Аскар Ақаев билан Курманбек Бакиев ва собиқ Бош Вазир Николай Танаевга нисбатан айбловлар илгари сурилиши лозимлигини айтмоқда.

Экологик ва Техник Хавфсизлик Давлат Инспекцияси раҳбари Усмон Ортиқбоевнинг айтишича, конни ишлатишда хорижий ҳамкорлар Қирғизистон табиатига жуда катта зарар етказишган.

Инспекция раҳбарига кўра, етказилган зарар 140 миллион АҚШ долларига тенгдир.

Қирғизистон Парламентида икки кун давом этган муҳокамалар натижасида ҳукуматга уч ой мобайнида Centerra Gold билан янги келишувни ишлаб чиқариш вазифаси топширилган.

Парламент аъзоларига кўра, агарда Centerra Gold билан янги келишувга эришилмаса дастлабки битим бутунлай бекор қилинади.

Қирғизистон Бош Прокуратураси "Қумтор" олтин конини ишлатиш ҳақида келишувлар имзоланган вақтда рўй берган коррупция ҳоллари борасида жиноий иш қўзғаган.

Феврал ойи ўртасида Centerra Gold ширкатининг Президенти Ян Аткинсон Бишкекка келиб, Бош Вазир Жонтура Сотиболдиев билан музокарлар ўтказганди.

Жаноб Аткинсон Қирғизистон билан бундан 20 йил аввал эришилган келишувларни бекор қилиш ва Қирғизистон ҳукумати илгари сураётган талабларни қондириш жуда мушкул эканлигини билдирган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.