BBC navigation

Қирғизистон президенти: 'Қамбар-ота биз учун ниҳоятда фойдали'

Сўнгги янгиланиш 1 март 2013 - 09:03 GMT

Алмазбек Атамбаев Қирғизистонда гидроэлектр станциялар қурилишига оид Россия билан имзоланган шартномалар мамлакати учун фойдали эканини урғулаган

Алмазбек Атамбаев Қирғизистонда гидроэлектр станциялар қурилишига оид Россия билан имзоланган шартномалар мамлакати учун фойдали эканини урғулаган.

Қирғизистон раҳбари ўз сўзларини Японияга қилган расмий ташрифи чоғида баён қилган.

Журналистларга сўзларкан, жаноб Атамбаев, "Одамлар нима дейишларидан қатъиназар, Норин дарёси юқори оқимида Қамбар-ота гидроэлектр станцияси тўғонининг қурилиши Қирғизистон учун ўта фойдали", деб айтган.

Қирғизистон президентининг ушбу сўзлари чегараоша дарёларда йирик ГЭСлар қурилишига қарши бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистонга ишора сифатида ҳам қабул қилинмоқда.

Сўнгги пайтларда Россиянинг Марказий Осиёдаги йирик гидроиншоот лойиҳалари борасидаги мавқеъининг ўзгараётгани кузатилади.

Таҳлилчилар бунга Ўзбекистоннинг МДҲ Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотидан чиқиши ва АҚШ билан қайтадан яқинлашуви сабаб дейишмоқда.

'Роғун ва Қамбарота юзасидан халқаро экспертиза ўтказилсин'

Қирғизистон президентининг ушбу сўзлари чегараоша дарёларда йирик ГЭСлар қурилишига қарши бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистонга ишора сифатида ҳам қабул қилинмоқда

Расмий Тошкент эса, ҳар икки йирик ГЭС юзасидан халқаро экспертиза ўтказилишини такрор ва такрор талаб қилиб келади.

Сўнгги бор Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Нью-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеясининг сўнгги сессиясида ана шундай даъват билан чиққанди.

Жаноб Комилов, халқаро минбардан туриб, асосий сув захиралари ва миллионлаб одамлар учун ҳаёт манбаи - Амударё ва Сирдарё каби чегаралароша дарёлар бўлган минтақадаги барча сув-энергетика муаммолари халқаро ҳуқуқларда белгилаб қўйилган меъёрлар доирасида ҳал этилиши лозимлигини таъкидлаганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирига кўра, ушбу халқаро ҳужжатлар теварак-муҳит ва чегаралароша дарёлардан фойдаланганда қўшни давлатларнинг манфаатларига зиён етказмасликни тақозо этади.

Жаноб Комиловнинг таъкидлашича, худди шу сабабдан ҳам, Ўзбекистон раҳбарияти мавжуд муаммоларга ўзаро мақбул ечим топишда айнан ана шу тамойил ва меъёрларга риоя этилишига даъват этади.

"Биз Сирдарё ва Амударёнинг юқори оқимларида қурилиши режаланган барча ГЭС лойиҳалари юзасидан БМТ ҳомийлиги остида халқаро экспертиза ўтказилиши ва уларнинг, албатта, қуйи оқимда жойлашган давлатлар билан бамаслаҳат қилиниши тарафдоримиз", деб айтганди ўз чиқишида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.

Абдулазиз Комилов фақат шундан сўнггина тўғонлари дунёдаги энг баландларидан бўлиши кутилаётган бу икки ГЭС қурилишига киришилиши мумкинлиги таъкидлаганди.

Энг кескин баёнот

Ўзбекистон раҳбари минтақадаги сув билан боғлиқ вазият урушга ҳам олиб келиши мумкинлиги билан огоҳлантирганди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса, ўтган йил сентябр ойида Қозоғистонга қилган расмий сафари чоғида, "Сув билан боғлиқ вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу нафақат қарама-қаршилик, балки урушга ҳам олиб келиши мумкин", дея огоҳлантирганди.

Ўзбекистон раҳбари ҳам бу гапларини Тожикистон қураётган Роғун ва Қирғизистон тиклаётган Қамбарота ГЭСларини назарда тутиб айтган ва чегаралароша ўтадиган дарёлар масаласида жаҳон ва халқаро ҳамжамиятга қулоқ солишлари лозим"лигини таъкидлаганди.

Ўзбекистон президенти электр токи ишлаб чиқариш учун йирик ГЭСлар ва уларни ишлатадиган улкан сув тўғонлари қураётган Қирғизистон ҳамда Тожикистонга мурожаат қилиб, Амударё ва Сирдарё қуйи оқимларида жойлашган қўшни мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олишга чақирганди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, ўзбекистонлик ҳамкасбининг чиқишига илк бор расмий муносабат билдирар экан, Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев бундай эҳтимолни назардан соқит этганди.

Янги қирғиз ҳукуматини қасамёдга келтириш маросимида иштирок этиш учун мамлакат Олий Кенгашига келган жаноб Атамбаев сув муаммосини Марказий Осиё давлатлари фақат ўзаро биргалашиб ҳал қилишлари мумкинлигини айтганди.

Қирғизистон президенти бу борада ўзбекистонлик ҳамкасбига тегишли таклифлар йўлланиб, жорий пайтда ушбу мавзу муҳокама ҳам этилаётганини ҳам билдириб ўтганди.

Шу билан бирга, қирғиз раҳбари, "Президент Каримов баёнотида биронта давлатнинг номи аниқ тилга олинмагани, шу сабабдан Қирғизистон уни шахсан ўзига қаратилгандек қабул қилиши учун асос йўқ"лигини ҳам таъкидлаганди.

ГЭСлар...

Қирғизистон эса, Қамбар-ота гидроэлектр станцияси ўз мамлакати иқтисоди учун ниҳоятда муҳимлигини таъкидлаб келади

Бишкек ҳам, Душанбе ҳам ҳозир Амударё ва Сирдарё бошланадиган дарёларга тўғон ташлаб, Қамбарота ва Роғун ГЭСларини қуришга киришганлар.

Ўзбекистон тарафига кўра, хусусан, Роғун ГЭСини юргизадиган даражада сув тўплаш учун камида 8-10 йил вақт кетади.

Бу дегани - қуйида жойлашган ва деҳқончиликка асосланган Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар узоқ йиллар сувсиз қолиб кетишлари мумкин.

Шунингдек, зилзила тез-тез рўй бериб турадиган ҳудудда баланд сув омборлари тўғонларини тиклаш ҳаракатлари ҳам пастда жойлашган Ўзбекистондаги мутахассисларини қўрқитади.

Қозоғистонда янграган баёнот эса, Ўзбекистон раҳбарининг бу масалада қилган энг кескин баёноти сифатида кўрилганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.