BBC navigation

Россия Қирғизистон фуқаросини экстрадиция қилди

Сўнгги янгиланиш 7 март 2013 - 14:33 GMT

Пайшанба куни Қирғизистон фуқароси Хайрулло Абдурасулов Россиядан пойтахт Бишкекка етказилган.

Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг билдиришича, икки мамлакат хавфсизлик ходимлари қўшма амалиёти натижасида қўлга олинган Хайрулло Абдурасулов ҳозир мазкур идорага тегишли ҳибсхонада сақланмоқда.

Расмий маълумотга кўра, у Олий Кенгаш собиқ депутати Иномжон Абдурасуловнинг яқин қариндоши ва у ҳам 2010 йилги Ўш ҳодисаларида алоқадорликда айбланмоқда.

"Россия Федерал хавфсизлик хизмати ва Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси қўшма оператив-қидирув амалиётлари натижасида Тюмень шаҳрида Қирғизистон фуқароси, 1984 йилда Ўш шаҳрида туғилган Хайрулло Абдурасулов қўлга олинган. У Қирғизистон Жиноят кодексининг "Миллий, ирқий, диний ёки минтақалараро адоват қўзғаш" (299-инчи) моддаси бўйича очилган жиноий ишга алоқадор кўрилади. У (Хайрулло Абдурасулов) 2010 йилдаги Ўш воқеалари асосий ташкилотчиларидан бири ва Қирғизистон Олий Кенгаши собиқ депутати Иномжон Абдурасуловнинг яқин қариндошидир", - дея билдиради Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси.

Хавфсизлик хизматлари 29-ёшли Хайрулло Абдурасулов 2010 йилнинг июнь ойида Ўш шаҳри ва вилоятида содир этилган оммавий тартибсизликлар чоғи ҳокимият вакилларига қурол билан қаршилик кўрсатгани ва одамларни миллий тўқнашувларга чақирганини айтишади.

Айни айбловлар юзасидан ҳозир тергов ишлари бошлангани хабар қилинади.

Қирғизистон Омбудсмани Турсунбек Охун эса, Ўш воқеаларига алоқадорликда аксари ўзбеклар жавобгарликка тортилаётганини айтган.

"Мана нафақат халқаро ташкилотлар, балки ўзимизнинг ҳукумат ҳам Ўш воқеаларида жабрланганлар аксарияти ўзбек аҳоли эканлигини тан олган. Лекин, шу билан бирга қамоқхоналарда ётган ва маҳкамалар томонидан, ҳатто, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар ҳам аксарияти ўзбек миллатидаги фуқароларимиздир. Бу ҳали ечимини топмаган жуда мураккаб муаммодир", - дейди Турсунбек Охун.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.