BBC navigation

АҚШ жосуслик ҳисоботи: 'Марказий Осиёга хавф мавжуд тузумлардан келмоқда'

Сўнгги янгиланиш 14 март 2013 - 12:22 GMT

Ҳисоботда айтилишича, минтақа раҳбарлари бир-бирлари билан конструктив муносабат ўрната олишмаган

Марказий Осиё давлатларида беқарорлик хавфи сақланиб қолмоқда.

Аммо бу хавф Афғонистондан эмас, балки кўпроқ минтақа давлатларининг ўзидаги иқтисодий ва сиёсий вазиятдан келаётир.

АҚШ миллий жосуслик хизмати ана шундай хулосани баён қилган.

"Марказий Осиё раҳбарлари ўз тузумларининг барқарорлигини сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлардан устун қўйишади"

АҚШ жосуслик ҳисоботидан

Америка жосуслик хизматларининг халқаро хавфсизликка таҳдидлар ҳақидаги навбатдаги йиллик ҳисоботини 12 март куни АҚШ Сенатида миллий жосуслик хизмати раҳбари Жеймс Клэппер тақдим этган.

Беқарор тузумлар

АҚШ Миллий жосуслик хизматига кўра, Марказий Осиё раҳбарлари ўз тузумларининг барқарорлигини сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлардан устун қўйишади.

Уларнинг кўпчилиги Араб баҳори усулидаги қўзғолонлардан қўрқадилар ва ўзгача фикрнинг энг кичик кўринишларини ҳам бостирадилар.

Ҳисоботда айтилишича, минтақа раҳбарлари бир-бирлари билан конструктив муносабат ўрната олишмаган.

Шахсий рақобат ва чегара, сув ҳамда энергетика соҳасида қўшнилар орасида узоқ давом этаётган баҳслар минтақани келажакда эҳтимолий қарама-қаршиликлар ўчоғига айлантириши мумкин, дейилади ҳисоботда.

Америка жосуслик хизматига кўра, Марказий Осиёда миллатлараро зиддиятлар эҳтимоли ҳам сақланиб қолмоқда ва бу каби зиддият тўсатдан юз бериши мумкин.

Ҳисоботда 2010 йилда қирғиз ҳукуматининг ағдарилиш ортидан содир бўлган ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги тўқнашувларда 400 дан ортиқ инсон ҳалок бўлгани эслатилади.

АҚШ Жосуслик хизматининг йиллик ҳисоботи Қирғизистон жанубида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги танглик даражаси юқорилигича қолаётгани, қирғиз ҳукумати эса миллий ярашув чораларини кўрмаётгани қайд этилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.