BBC navigation

Қозоғистон муҳожирларни яна қонунийлаштираяпти

Сўнгги янгиланиш 15 март 2013 - 13:06 GMT

Қозоғистондаги меҳнат муҳожирларининг энг кўпи Ўзбекистондан

Қозоғистон ҳукумати мамлакатдаги меҳнат муҳожирлари фаолиятини қонунийлаштирмоқчи. Шу кунгача аксар мигрантлар Қозоғистонда ноқонуний ишлаб келади.

Мамлакат ғазнасига солиқ тушишига олиб келувчи қонун Президент Нурсултон Назарбоев имзо чеккач кучга киради. Қонунга кўра, энди жисмоний шахслар солиқ тўлаш орқали уй юмушлари ва қурилиш учун мигрантларни бир йилгача ишлата олиши мумкин.

Январда қабул қилинган алоҳида қонунга биноан эса, юридик шахслар умумий ҳисобда йилига 120 минг хорижий ишчини ишга ёллашига рухсат берилганди.

Қозоғистон расмийлари қонун қабул қилингач, мамлакатда ноқонуний ишлаётган мигрантлар қонуний фаолият юритиб давлат ғазнасига солиқ тўлашини таъкидламоқда.

"Энди агар мигрант Қозоғистонга келса, албатта белгиланган суммани ғазнага топширади", - дейди Ички ишлар вазир ўринбосари Қайрат Тинибеков.

Жисмоний шахслар жалб қилган мигрантлар учун бир ойда белгиланган нарх 21 доллардан кўпроқни ташкил қилади.

Қозоғистонда меҳнат муҳожирларининг мослашишига кўмак кўрсатувчи ижтимоий жамғарма раиси ўринбосари Акбар Ҳусаинов ушбу қонуннинг ишлаб чиқилишида фаол иштирок этган жамоатчилардан бири.

"Бу қонуннинг бизлар учун яхши томони шуки, ҳарна бир қисм мигрантлар ўзига легал тарзда, нормал иш топиши учун имконият туғилади", - дейди жаноб Ҳусаинов.

Қонун кучга кирганидан сўнг ҳар бир жисмоний шахс уй юмушлари ва қурилишда ишлатиш учун беш нафаргача меҳнат муҳожирига ишлаш ҳуқуқини олиши мумкин.

Мигрантларга руҳсат бир ойдан уч ойгача берилади ва иш берувчининг эҳтиёжига қараб бир йилгача чўзилиши мумкин.

Қозоғистон расмийларининг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, ушбу мигрантлар Қозоғистонга бир йилда ўртача 30 миллион доллар солиқ тўлаши мумкин.

Ноқонуний меҳнат муҳожирлари ҳақ-ҳуқуқларсиз фаолият юритадилар

Расмий рақамларга кўра, Қозоғистонга ҳар йили 1 миллиондан ошиқ одам пул топиш учун келади, лекин улар ноқонуний ишлагани туфайли мамлакат ғазнаси фойда кўрмай қолади.

Аммо, қонунни ишлаб чиқишда ўз маслаҳатлари билан қатнашган жамоатчилар бу енгилликлар мигрантлар учун камлигини ва қонун қўшимча шартларга муҳтож эканини айтмоқдалар.

"Ҳозирги қабул қилинган қонун мигрантларни чақириб уй-жойда ишлатиш учун фақат фуқароларга ҳуқуқ беради. Лекин, энг катта эҳтиёж бу юридик шахсларда. Қурилиш компаниялари, аграхолдинглар ва шунга ўхшаган иқтисоднинг сегментларига жуда кўп мигрантлар керак. Афсуски, бу қонун шу муаммони ечишдан анча йироқ", - дейди Акбар Ҳусаинов.

Бундан ташқари қонунга мигрантларни ижтимоий ҳимоялаш, тиббий суғурталаш каби имтиёзлар ҳам киритилиши лозимлиги урғуланади.

Қозоғистонда ишсизлик ва жиноят ортадими?

Қозоғистонлик эксперт Марат Шибутов мигрантлар фаолияти қонунийлаштирилишидан умидбаҳш эмас.

"Бизда 2,5 миллион атрофида ўз-ўзини иш билан таъминлаган аҳоли борлигини инобатга олсак, хорижликларнинг ишлашини қонунийлаштириш катта муаммо келтириб чиқаради. Бу одамлар доимий маош олмайди, иш тополмайди. Қурувчи ёки хўжалик ишларида ишлашади", - дейди жаноб Шибутов.

Таҳлилчига кўра, агар қонун кучга кирса, бу одамларнинг кўпчилиги ишсиз қолиши, улар эгаллаб турган иш ўринларини эса арзон ишчи кучи бўлган меҳнат муҳожирлари эгаллаши мумкин.

Бу, унинг фикрида, ўз навбатида ишсизлик ортидан жиноятнинг ортишига ҳам олиб келади.

"Жиноят фақат кўпаяди. Қўлга олинган жиноятчиларнинг 80 фоизи - ишсизлар. Ишсизлар сони қанчалик кўпайса, жиноят шунчалик ортади. Қозоғистон фуқаролари мигрантлар қонуний ишлай бошлагач, рақобатга дош беролмай ишсиз қолади", - дейди Марат Шибутов.

Шибутовга кўра, Қозоғистон миқёсида бу қонун фақат иш берувчи фойдалидир, чунки улар энди арзон ишчи кучига эга бўлишади.

2008 йили Қозоғистон иқтисодий инқироз туфайли ўз фуқароларини иш билан таъминлаш сиёсати доирасида меҳнат муҳожирларининг фаолиятини қонун билан ман қилиб қўйганди.

Ҳукумат ушбу чора-тадбирлар ишсизликка барҳам бериши ва маблағларнинг Қозоғистондан чиқиб кетмаслигига умид қилганди. Бироқ, иш берувчилар арзон ишчи кучи бўлган мигрантларни ноқонуний равишда ишлатишда давом этган.

Тадбиркор Ҳусаиновга кўра, Қозоғистон меҳнат муҳожирларисиз иқтисодни ривожлантира олмаслига кўзи етмоқда.

"Ҳозир Қозоғистон иқтисодий инқироздан бироз ўзига келмоқда. Қозоғистон келаси 5-10 йилнинг ичида кескин равишда индустризациялашга ҳаракат қилаяпти. Завод-фабрикалар ва янги объектлар қурилиши керак. Катта дастурлар бор. Уларни Қозоғистоннинг ўзидаги ишчи кучи билан ечиб бўлмайди", - дейди у.

Қозоғистон дунёдаги энг кам ишсизлик кўрсаткичига эга давлатлардан бири ҳисобланади. Расмий рақамларга биноан, ишсизлик кўлами 4,5 фоиздир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.