BBC navigation

'Мемориал' ва бошқа нодавлат ташкилотларни текшириш бошланган

Сўнгги янгиланиш 22 март 2013 - 15:54 GMT

"Мемориал"нинг Москвад идораси деворига ёзув ёзиб кетганлар топилмаган.

Россия полицияси ва солиқ назоратчилари Москвадаги таниқли инсон ҳуқуқлари маркази "Мемориал" ва бошқа хориждан молия оладиган бошқа фуқаролик жамияти ташкилотларининг идораларига рейдлар уюштирган.

Охирги кунларда Россиянинг барча ҳудудларида нодавлат нотижорат ташкилотларидан Россия Инсон ҳуқуқлари президентлик кенгашига кўплаб шикоятлар келиб тушган.

Бутун мамлакат бўйлаб текширишлар экстремизмга қарши қонун қандай бажарилаётганини текшириш мақсадида ўтказилаётгани айтилган.

Москвадаги "Мемориал" ташкилотидан айтишларича, уларнинг идорасига полиция ва солиқ идорасидан ташқари ўзларини Россиянинг НТВ телеканали мухбирлари деб таништирган кишилар ҳам кириб келишган.

Расмийлар "Мемориал" марказининг 2011 йилдан 2013 йилгача бўлган барча ҳужжатларини талаб қилганлар.

Бу ҳужжатлар орасида ҳисоботлар, таъсис ҳужжатлари, низом, таъсислар ҳақида маълумот, маблағ манбаси қаердан эканини тасдиқловчи ҳужжатлар ва грантлар бор.

"Мемориал" фаоллари нозирлар 600 ҳужжатни текшириш учун олиб кетганларини айтишган.

"Мемориал" таниқли инсон ҳуқуқлари маркази ҳисобланади.

Марказ Россиянинг ўзида, айниқса, Қофқозда ва Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолларини ўрганиб келади ва ҳисоботлар эълон қилади.

"Мемориал" Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар сони, Андижон қурбонлари, 2010 йилда Қирғизистон жанубида рўй берган мудҳиш ҳодисалар бўйича ўз ҳисоботларини эълон қилган.

Сўнгги текширишлар Россияда ўтган йили қабул қилинган нодавлат нотижорат ташкилотларини хориждан молияланишига боғлиқ янги қонун ижроси билан боғлиқ бўлган.

Ушбу қонунга биноан, хориждан молияланадиган ташкилот "хорижий агент" деб рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Шўролар давридан кўпчилик "хорижий агент" деганда жосусни назарда тутади.

СССР замонида диссидентлар ёки оддий ўзгача фикрдаги инсонлар "чет эл агенти" дея тавқилаънатланган.

Янги қонун борасида ҳамда Россиядаги нодавлат ташкилотлар устидан бошланган текширишлар юзасидан хавотирлар изҳор этилган.

Москвадаги АҚШ элчихонаси Россия ҳукуматидан нега бундай бўлаётганини тушунтириб беришни сўраган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.