BBC navigation

Қозоғистон муфтияти: "Аёлларнинг рўмол ўраши дунёвий қонунларга зид эмас"

Сўнгги янгиланиш 23 март 2013 - 12:18 GMT

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муслималарнинг ҳижоб ўраш ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан.

Пайшанба куни эълон қилинган фатвода ҳижоб ўраш мусулмон аёллар учун шарт экани ва Қозоғистоннинг дунёвий қонунларига мувофиқ экани урғуланган.

Диний идора қозоқ аёлларининг ҳижоб ўрашига қарши чиқаётганларнинг ҳижоб қозоқларнинг маданиятига зид экани ҳақидаги даъволарини ҳам рад этган.

Қозоғистоннинг диний ташкилотлар ҳақидаги қонунидан иқтибос келтирилган фатвода мусулмон аёлларни рўмолларини ечишга мажбурлаш уларнинг фуқаролик ҳуқуқларини поймол этиш экани таъкидланади.

Сўнгги пайтларда Қозоғистондаги иш берувчилар ва ўқув юртлари томонидан ҳижобли аёлларни камситиш ҳоллари кузатилган.

Олма-Отадаги мухбиримиз Шодиёр Сайфга кўра, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси чиқарган фатвода аёлларнинг қай йўсин кийиниши борасида Қуръондан мисоллар келтирилган.

Яъни, фатвода аёлларнинг кафтлари ва юзлари очиқ, қолган тана қисмлари ёпиқ бўлиши кераклиги ҳамда бундай кийинишга ҳеч ким монеълик кўрсатмаслиги кераклиги айтилган.

Зарурат

Қозоғистонда 2009 йиллардан бери турли ташкилотлар, иш берувчилар ва давлат органларидаги ходимлар ҳижобга қарши кампания бошлашган.

Шодиёр Сайфнинг айтишча, айни шу ҳолатлар ва мактаб ҳамда олийгоҳларда ўқийдиган рўмолли қизларга нисбатан ҳам босимлар кузатилгани ҳам сўнгги фатвонинг чиқарилишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Қозоғистон диний идораси мамлакат Бош қонунида фуқароларнинг диний қарашлари ҳимоя қилиниши борасида айтилгани ҳамда қонунчиликда ҳижоб ва ё бошқа диний кийимларга қарши бирон бир банд йўқлигини таъкидлайди.

"Аммо, давлат тарафидан босимларга қарамай, ҳижоб кийиш Қозоғистондаги хотин-қизлар орасида йилдан-йилга оммалашиб бормоқда", дейди мухбиримиз.

Бошқа томондан, Қозоғистонда ҳам диний- экстремистик оқимларнинг кўпайиб бораётгани ва ёшларнинг ана шундай гуруҳларга кириб кетиши ҳоллари ҳам ортган.

"Мазкур ҳолатга уламоларнинг ҳукуматга қарши жиддий фатволар бера олмаслиги ҳам сабаб бўлаётган бўлиши мумкин деган қарашлар ҳам мавжуд. Ва Қозоғистон диний идораси мана шундай одамларни йўқотиб қўймаслик учун ҳам Исломда келган фатволарни чиқараётган бўлиши мумкинлиги айтилади", Олма отадаги мухбиримиз.

Яқинда Қозоғистонда Ислом оламининг энг нуфузли олийгоҳларидан бўлмиш Мисрнинг Ал Азҳар университетини тамомлаган Ержан Маямеров янги муфтий этиб тайинланганди.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.