Қирғизистонда ҳокимиятни босиб олмоқчи бўлганларга ҳукм чиқарилди

Image caption Маҳкаманинг чиқарган қарори судланувчиларнинг ўзлари учун ҳам кутилмаган бўлган.

Первомайск туман маҳкамаси "Ата-Журт" партиясининг уч аъзоси - Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини эълон қилди.

Маҳкама уларни ҳукуматни куч билан босиб олишга уринишда айбдор деб топиб Ташиев ва Жапаровни бир ярим йил, Мамитовни бир йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Ҳимоячиларнинг айтишича, судланувчилар ҳибсга олинган 2012 йил 3 октябрдан бошлаб ҳисоблаганда улар яна ярим йилни қамоқда ўтказишлари керак бўлади.

Яна бир судланувчи Кубатбек Кожоналиев тўла оқланиб, маҳкама залидан озод қилинган.

Қирғизистон қонунчилигида маҳкама қўйган айбловга кўра, камида 12 йиллик қамоқ жазоси берилиши кўзда тутилади.

Шу боисдан маҳкаманинг чиқарган қарори кўпчилик учун, ҳатто судланувчиларнинг ўзлари учун ҳам кутилмаган бўлган.

"Ар-Намис" партиясининг раҳбари Феликс Кулов маҳкама чиқарган қарорга ўз муносабатини билдирар экан, қўйилган айбловга нисбатан ҳукм жуда ҳам юмшоқ ҳисобланишини айтган.

" Бу қарор инсонпарварликдек кўринади. Лекин ҳар бир жиноий ишда судланувчининг шахси, оилавий ва ижтимоий мавқеи ҳамда жамоатчилик муносабати ўрганилади. Мен чиқарилган қарор қанчалик қонуний ёки йўқлиги тўғрисида бир нарса дейолмайман ",- дейди жаноб Кулов.

"Ишонаманки, ишни холисона кўриб чиқиш бўлмаган. Мен бизнинг суд органларининг қандай иш олиб боришини яхши биламан. Улар мустақил эмас. Шунинг учун бу ерда ишни адолатли кўриб чиқишдан кўра, сиёсий ўйинлар кўпроқ рол ўйнаган. Бу ерда судланувчиларнинг қанчалик айбдор ёки айбсизлиги муҳим эмас",- дейди ҳимоячи Нурбек Тохтахунов.

Собиқ бош прокурор Кубатбек Байболовнинг айтишича, "бўлиб ўтган маҳкама ҳозирги тузумдаги сиёсий босим олдинги икки ҳукуматникидан ҳам ошиб тушганининг далилидир".

Бошқа кузатувчиларга кўра эса, Қирғизистонда жиддий айбловга нисбатан енгил жазо бериш ёки аксинча ҳеч бир жиноят содир этмасдан энг оғир жазога маҳкум қилиш аслида ҳеч кимни ажаблантирмай қўйган.

Бу мавзуда батафсилроқ