"Тожикистон ҳали 170дан ортиқ мина майдонларини тозалаши керак"

Image caption Марказий Осиёдаги илк бор Тожикистон миналардан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисидаги Оттава Конвенциясига қўшилган

Тожикистондаги миналардан тозалаш махсус марказига кўра, ҳали мамлакатда миналаштирилган 7.5 миллион кубметрлик ҳудуд мавжуд.

Марказ раҳбари Парвез Мавлонқуловнинг айтишича, марказ фаолиятини бошлаганидан бери 88та, жумладан, 2012 йилнинг ўзида 18та ҳудуд миналардан халос қилинган.

"Ҳали 7.5 миллион кубметрлик ҳудудни ташкил этувчи 170дан ортиқ мина майдонлари тозаланиши керак", дейди у.

1990 йиллардаги фуқаролар уруши йилларида, кейинчалик эса, Ўзбекистоннинг ўзбек-тожик чегара ҳудудларини миналаштириши натижасида миналар оддий фуқаролар ҳаётига хавф соладиган йирик омиллардан бирига айланган.

Тожик расмийларининг билдиришларича, 1999 йилдан бери портламай қолган миналар ва ё ўқ-дорилардан 846 инсон жабр кўрган.

Расмий маълумотларга кўра, "жами 368 инсон нобуд бўлган, 478 киши тан жароҳати олган ва уларнинг 30 фоизи болалардир".

Шу билан бирга, аслида асосий нишон бўлган бирон-бир қуролли жангари ё бангивор модда ташувчи минага дуч келиб жабрланмагани айтилади.

Тожикистондаги миналардан тозалаш махсус маркази 2000 йилда ташкил этилган.

Марказий Осиёдаги илк бор Тожикистон миналардан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисидаги Оттава Конвенциясига қўшилган.

Мина майдонлари

Тожикистондаги мина майдонларини учга бўлиш мумкин: Шўро даврида миналаштирилган 1, 344 чақиримлик тожик-афғон чегараси, 1992-1997 йиллардаги ички урушлар пайтида энг қақшатқич тўқнашувларга саҳна бўлган Тожикистон шарқида жойлашган Рашт водийсидаги туманлар ва Ўзбекистон тарафидан миналаштирилган 1, 283 чақиримлик ўзбек-тожик чегара ҳудудлари.

1999 йилда Қирғизистоннинг Боткен вилояти орқали Фарғона вилоятига ўзларини Исломий кучлар деб атаган қуроллилар сизиб киришга уринган пайтида Ўзбекистон қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини миналаштирган.

Лекин, кузатувчиларнинг таҳлилларига кўра, шу пайтгача жабр кўрганлар оддий одамлар бўлиб, бирон-бир қуролли жангари ё бангивор модда ташувчи минага дуч келиб жабрланмаган.

Ўзбек томони эса, фақат ўз ҳудудига миналар қўйилганини такрорлаб келади

Бу мавзуда батафсилроқ