БМТ Қирғиз ҳукуматидан миллий озчиликларга адолат билан ёндашишни сўрамоқда

Image caption Халқаро қўмита зўравонликларнинг асл сабаблари чуқур ўрганилмас экан бу каби ҳодисалар яна келиб чиқишидан огоҳлантиради.

БМТнинг ирқий камситишларни бартараф этиш қўмитаси Қирғиз ҳукуматидан миллий озчиликларнинг муаммоларини ҳал қилишини кутмоқда.

Халқаро қўмита бу борада Қирғизистоннинг навбатдаги ҳисоботи юзасидан якуний қайдларини эълон қилган.

Қирғиз ҳукуматининг масалага конструктив муносабатини олқишлар экан, қўмита мавжуд ижобий ва салбий жиҳатларга эътиборни қаратади.

БМТ қўмитаси Қирғизистонда миллий озчиликларни дискриминация қилишга қарши амалларни, жумладан янги Конституциянинг қабул қилиниши, янги Жиноят кодекси, Меҳнат кодексига ўзгартиш киритишни ёқлаш билан бирга, мамлакатда келиб чиққан миллий низолардан хавотир изҳор этган.

Эълон қилинган ҳужжатда 2007 йилдан буён Қирғизистонда қирғизлар билан турли этник гуруҳлар, хусусан ўзбеклар, дунганлар, курдлар, месхети турклари орасида келиб чиққан миллий низоларнинг илдизлари ўрганишилиши кераклигини таъкидлаган.

Қўмита айниқса 2010 йил июн ойида Ўш ва Жалолободда ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги қонли тўқнашувлардан алоҳида хавотир билдиради.

Шунингдек, қонли тартибсизликлар натижасида катта миқдордаги қурбонлар берилгани, уй-жой, дўконларга ўт қўйилгани, зўравонликлар, ваҳшийликларнинг асл сабаблари чуқур ўрганилмас экан бу каби ҳодисалар яна келиб чиқишидан огоҳлантиради.

Қўмита Ўш зўравонлиги воқеалари бўйича мавҳум қолаётган ҳолатларга ойдинлик киритишни сўрайди.

Халқаро ташкилотнинг яна бир хавотири- келиб чиқишидан қатъий назар, маҳаллий аҳоли қўлига тушиб қолган қуроллар тўлиқ йиғиб олинмаганини айтган.

Қирғиз ҳукумати ўз ҳудудида яшаётган этник гуруҳлар ўртасидаги мулоқотни ва қўшничилик руҳини тиклаш йўлида нималар қилмоқда?

Шу мақсадда турли этник қатламлар, шунингдек шаҳар ва қишлоқлар орасидаги ижтимоий-иқтисодий фарқларни ҳал қилиш, миллий озчиликларни мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётида иштирокини кенгайтириш ва ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган махсус қонун қабул қилишни кўриб чиқишни сўраган.

Қўмита Қирғизистондан демократик жамият қуриш мақсадига қаратилган ислоҳотларни олиб бориш кераклигини таъкидлайди.

Ташкилот аввалгидек ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг тақдири борасида хавотирларини билдираркан, унга нисбатан адолатли маҳкама жараёни ўтказиш муҳимлигини урғулайди.

Суд тизимини ислоҳ қилиш масаласида июн воқеаларига алоқадорликда айбланиб қамалган шахсларнинг иши адолатли равишда қайта кўриб чиқиш тавсия этилган.

Июн воқеаларини келиб чиқишида ҳақиқий айбдорларни топиб жазолаш, адолатсиз маҳкама қурбонларига нисбатан ҳақиқатни қарор топшириш, милиция ва ҳуқуқ тартибот органларига нисбатан ишончни шакллантириш келажакдаги ўзаро муносабатлар натижасини белгилаши кўрсатилади.

Шунингдек, 2010 йил июнидан кейин ички муҳожирларнинг мавқеини кўтариш, миллий озчиликларнинг она тилига нисбатан ҳуқуқларини таъминлаш кераклиги билдирилган.

БМТнинг ирқий камситишларни бартараф этиш қўмитаси Қирғиз ҳукуматидан қайд этиб ўтилган масалалар бўйича ҳисоботни 2016 йил октябр ойида тақдим этишни, этник муаммоларни бартараф этишни сўрайди.

Бу мавзуда батафсилроқ