Собиқ тожик бош вазири Киевда ҳибсдан озод этилди

Image caption Тожикистон ҳукумати Абдуллажоновни 1997 йилда Президент Имомали Раҳмонга қарши суиқасд амалини уюштиришда айблайди

Собиқ Тожикистон бош вазири Абдумалик Абдуллажонов Киевдаги ҳибсхонадан озод этилган.

Жаноб Абдуллажонов шу йилнинг 5 феврал куни АҚШдан учиб келган чоғи "Бориспол" аэропортида ҳибсга олинган.

Украина расмийлари унинг Тожикистон томонидан халқаро қидирувга эълони қилингани асосида қўлга олишганди.

Киев маҳкамаси Абдумалик Абдуллажоновни 12 ой эктстрадиция ҳибсида сақлаш ҳақида қарор қабул қилган эди.

4 апрел куни жаноб Абдуллажонов АҚШда қочқин мақомига эга экани ҳақидаги тасдиқловчи ҳужжатларни қўлга киритганидан сўнг, Украина расмийлари уни қўйиб юборишга қарор қилганлар.

Би-би-си жаноб Абдуллажоновнинг озод этилишига Москвадаги таниқли тожик мухолифати намояндаси Додожон Атоуллоев муносабатини сўради.

Атоуллоев: Ўйлайманки, унинг озод бўлишида авваламбор Абдумалик Абдуллажоновнинг ўзининг обрўи, таъсири асосий рол ўйнади. У ўз вақтида Тожикистоннинг бош вазири, ва Тожикистон президентлигига номзод бўлган. Абдумалик Абдуллажонов АҚШда қочқин мақомига эга ва Қўшма Штатлар Украинадан уни Тожикистонга топширмасликни сўради. Бу йил Украина Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг раиси экани ҳам бу ерда рол ўйнади. Мен Тожикистон ҳукумати Абдумалик Абдуллажоновни Украинадан қўлга киритиш учун ўз имкониятларидаги ҳамма ишни қилишганидан яхши хабардорман. Тожикистондан Украинага ўнлаб ҳайъатлар борган, улар Президент Януковичдан, Украина бош прокуратурасидан Абдуллажоновни ўзларига топширишни сўрадилар. Мен фурсатдан фойдаланиб Украина расмийларига ўз миннатдорлигимни изҳор этаман. Тожикистонда кўпчилик Абдумалик Абдуллажоновнинг озод этилганини катта хурсандчилик билан кутиб олдилар. Бизга телефон орқали, интернет, скайп орқали бу ҳақда хабарлар келди.

Би-би-си: Сал олдинроқ Киев маҳкамаси Абдумалик Абдуллажоновни 12 ойга экстрадиция ҳибсида қолдириш қарорини қабул қилган эди. Уни қўйиб юборишда расмийлар нимага асосланишган?

Атоуллоев: Бу изоҳ жуда оддий бўлди. У Америка Қўшма Штатларида сиёсий қочқин мақомига эга бўлгани учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар ҳақидаги Конвенциясига мувофиқ Тожикистонга топшира олмаймиз, дейишди. Агар биз Абдумаллик Абдуллажоновни Тожикистон ихтиёрига берсак, биз халқаро конвенцияни бузган бўламиз, дейишган.

Би-би-си: Озод бўлганидан кейин сиз жаноб Абдуллажоновнинг ўзи билан гаплаша олдингизми? Гаплашган бўлсангиз, у ўзининг кейинги режалари ҳақида нима дейди?

Атоуллоев: Ҳа, мен унинг ўзи билан, унга яқин инсонлар, фарзандлари билан суҳбатлашдим. Уларнинг ҳаммаси хурсандлар. Мен у билан гаплашган пайтда у жуда ҳаяжонда эди. Ҳаяжондаги инсон нима дерди: Ёрдам берган ҳаммага раҳмат, мен оилам бағрига қайтаман, деди. Ўйлайманки, Америкага етиб борганидан кейин у баёнот чиқарса керак.