Қирғизистонда "қонундаги ўғри" сифатида танилган Батукаев озод этилган

Image caption Батукаевнинг жиноят оламидаги таъсир доирасини камайтириш учун уни Нориндаги қамоқхонага сақлашгани айтилади.

Қирғизистон парламенти ҳуқуқ-тартибот расмийларидан таниқли жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қандай қилиб қамоқдан озод этилиб, Қирғизистонни тарк этгани юзасидан тушунтириш беришни талаб қилган.

Жиноят оламида қонундаги ўғри сифатида танилган Батукаевнинг кеча озодликка чиқарилгани ва Россияга учиб кетгани маълум бўлган.

Ҳимоячилари Бишкекдаги маҳкамага маҳбуснинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этишган.

Уюшган жиноят гуруҳ раҳбари сифатида айбланган Батукаев 16 йиллик қамоқ жазосини ўташ учун Қирғизистоннинг узоқ Норин қамоқхонасига юборилган.

Шу боисдан унинг қамоқдан чиқариш қарорини ҳам Норин шаҳар маҳкамаси берган.

Қирғизистон омбутсмени Турсунбек Окун Азиз Батукаев оғир касалга чалинганлиги учун турмадан чиқарилганини айтган.

Унга кўра, Батукаевда оққон ва жигар церрози касалликлари бўлгани аниқланган ва шифокорлар махсус комиссияси тасдиқлаган.

Азиз Батукаевнинг озод этилиши Қирғизистоннинг бир қанча раҳбарлари норозилигига сабаб бўлган.

Исмоил Исхоқов парламентда қилган чиқишида Батукаевнинг Москвага олиб кетилгани рост бўлса, бунга йўл қўйган раҳбарлар ишдан кетиши кераклигини айтади.

Азиз Батукаев Қирғизистон жиноят оламидаги икки йирик раҳбарнинг биттаси сифатида кўрилади.

У 2010 йил яна бошқа бир криминал раҳбар Рисбек Аҳматбоевнинг укаси депутат Тинисбек Аҳматбоевга боғлиқ қотилликка алоқадор топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ