Россияда Марказий Осиё билан виза тартиби чақириқлари

Image caption Жаноб Рогозинга кўра, МДҲ фуқаролари киришини тартибга солиш вазифасини Президент Путин қўйган.

Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий Рогозин Россия шу йил хорижий паспортлар билан мамлакатга кириш тартиби жорий этилиши мумкинлигини айтаркан, Россиянинг бир неча жойларида Марказий Осиё билан виза тартибини киритиш талаби билан намойишлар уюштирилган.

Айни пайтда Россия Чегара хизмати Тожикистон билан темир йўл қатновини тўхтатиш таклифи билан чиққан.

Бу Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий Рогозиннинг Тожикистондан келаётган йўловчи ташиш поездлари талабга жавоб бермасликлари боис чора кўриш талабига жавоб бўлган.

14 апрел куни Бош вазир ўринбосари жаноб Рогозин Роспотребнадзор ташкилоти раҳбари Геннадий Онишенко билан Тожикистондан Россияга бораётган ва Россия-Қозоғистон чегарасидаги Аксарайская темир йўл станциясида тўхтатилган йўловчи ташувчи поездни текшириб чиққанлар.

Поезд вагонлари ва ошхонаси ичидаги аҳволдан дарғазаб бўлган юқори лавозимли мулозимлар бу поездни Россияга киритиб бўлмайди, деган қарорга келганлар.

Жаноб Рогозин сўзларига кўра, Тожикистондан келаётган бу поезд "бутун миллатнинг санитар саломатлигига таҳдиддир".

Чегара хизматининг Тожикистон тарафи поездга боғлиқ камчиликларни бартараф этгунча темир йўл қатновини тўхтатиб туриш таклифига Россия Бош вазири ўринбосари "Тожикистон билан темир йўл қатновини тўхтатиш эмас, тартибга солиш керак", деб айтган.

Шу куни Россия оммавий ахборот воситалари Бош вазир ўринбосари Дмитрий Рогозиннинг 2013 йилнинг ўзида МДҲ фуқаролари учун хорижий паспорт билан Россия ҳудудига кириш тартиби жорий этилиши ҳақидаги сўзлари ҳақида хабар тарқатдилар.

Бош вазир ўринбосари айтишича, ўтган йили Россия Президенти Владимир Путин 2015 йилдан кечиктирмасдан МДҲ мамлакатлари фуқароларининг Россияга ўз шахсларини тасдиқлайдиган ҳужжатсиз киришлари олдини олиш талабини қўйган.

"Ўйлайманки, тез орада шахсини тасдиқламайдиган ҳужжат билан Россияга киришни тўхтатиш керак", деб айтган жаноб Рогозин.

Россия Бош вазирининг ушбу баёноти Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов музокаралар ўтказиш учун Москвага етиб борган куни янграган.

Шу куни Россиянинг бир неча шаҳарларида Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этиш талаби билан бир неча намойиш ташкил этилгани ҳақидаги хабарлар янграган.

Шулардан бири Москванинг Суворовская майдонида бўлиб ўтгани, бу намойишда 700 га яқин киши қатнашгани ҳақида маълум қилган "Фергана.ру" ахборот агентлиги.

Бу мавзуда батафсилроқ