Тожикистон ва Британия ҳарбий транзит масаласида келишиб олди

Image caption Транзит ҳақидаги битим Тожикистон Ташқи ишлар вазири ва Британиянинг Душанбедаги элчиси томонидан имзоланган

Расмий Душанбе Британияга Афғонистондан ўз ҳарбий техникасини олиб чиқишда Тожикистон ҳудудидан фойдаланишга ижозат берган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ва Британиянинг Тожикистондаги элчиси Робин Орд-Смит пайшанба куни бу ҳақда бир келишув имзолаганлар.

Ҳамрохон Зарифийнинг журналистларга айтишича, тарафлар Тожистон ҳудуди орқали ҳарбий жиҳозларни олиб ўтиш масаласида келишиб олган эсаларда, Британиялик ҳарбийларнинг Тожикистон орқали чиқарилиши масаласи муҳокама қилинмаган.

Ҳамроҳон Зарифийнинг айтишича, Британия қўшинларини Афғонистондан учоқларда олиб чиқиш арзонроққа тушади.

Афғонистонда тўққиз ярим минг нафар аскарга эга Британия Америкадан кейин иккинчи йирик хорижий куч ҳисобланади.

2014 йилда Афғонистондан 11 ҳазор контейнер ҳарбий техника ва 3 мингга яқин зирҳли машина олиб чиқилиши кутилмоқда.

Хабарларга кўра, транзитга изн бергани учун Тожикистонни замонавий техника билан ёрдам беришга ваъда қилган.

Британия элчисининг айтишича, мамлакати ҳарбийлари Тожикистонга нолетал ҳарбий техникаларни беришга рози бўлган.

Бундан ташқари Британия ўз ҳарбий тизимларида тожикистонлик зобитларни тайёргарликдан ўтказишга изн берган.

Британия ўз ҳарбий техникасини олиб чиқишда нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистон темир йўлларидан фойдаланишини ҳам маълум қилган.

Ҳозирга қадар Британиялик қўшинларни Афғонистондан олиб чиқиш куни аниқ белгилангани йўқ, аммо Британия элчиси Орд-Смитнинг ишонишича, бу жараён "яқин келажакда" бошланади.

Бу мавзуда батафсилроқ