Freedom House: Тожик мухолифатчисига ҳужум чуқур текширилсин

Халқаро Freedom House ташкилоти Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раиси ўринбосари Маҳмадали Ҳайитга қилинган ҳужумни батафсил текширишга чақириқ билан чиқди.

Қариндошларининг хабар қилишларича, Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг раиси ўринбосари Маҳмадали Ҳайит маҳаллий вақт билан кечки соат 8 ларга яқин Душанбе шаҳридаги уйи яқинида ҳужумга учраган.

Номаълум шахслар жаноб Ҳайитнинг орқасидан келиб бошига зарба урганлар.

Оқибатда у ҳушидан кетган.

Шундан сўнг мухолиф партия фаоли шафқатсиз калтакланган.

Яқинлари Маҳмадали Ҳайитни кўп қон йўқотган ҳолида топишган ва "тез тиббий ёрдам" чақиришган.

Мухолифатчи Душанбе шаҳридаги тиббиёт марказига ётқизилган.

Пратия фаолларига кўра, 20 апрел куни жаноб Ҳайит ҳушига келган, суҳбатлаша олган.

Бироқ ўзига ҳужум қилган шахслар ким эканлигини билмаслигини айтган.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раиси ўринбосарига ҳужум юзасидан жиноят иши очилган ва тергов бошланган.

Тергов якунида мухолифатчига ҳужум сиёсийми, ижтимоий ёки маишийлиги борасида хулосага келинишини билдиришган расмийлар.

Бироқ Ислом Уйғониш партияси сиёсий кенгаши аъзоси Ҳикматулло Сайфуллозодага кўра, Маҳмадали Ҳайитга ҳужум бевосита унинг сиёсий фаолиятига боғлиқдир.

Бундан олдин Ҳикматулло Сайфуллозоданинг ўзи шафқатсиз калтакланган ва оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, тергов давомида жаноб Сайфуллозодага ким ва нима сабабдан ҳужум қилганлари сабабини аниқлолмаганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ