АҚШ давлат котиби ёрдамчиси минтақага сафар қилмоқда

Жаноб Блейк Марказий Осиё ҳукуматларини Араб баҳоридан сабоқ чиқаришга чақирган
Image caption Жаноб Блейк Марказий Осиё ҳукуматларини Араб баҳоридан сабоқ чиқаришга чақирганди

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блэйк Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафарини бошламоқда.

У бугун Остона ва эртага Тошкентда ўтадиган музокаралари чоғида икки томонлама ва минтақавий масалаларнинг муҳокама этилиши кутилади.

24 апрел куни АҚШнинг юқори мартабали дипломати Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари қаршисида Қўшма Штатларнинг Марказий Осиёдаги сиёсати мавзуида чиқиш қилади.

Унинг Тошкентда фаоллар, фуқаро жамияти ва маҳаллий бизнес вакиллари билан ҳам учрашувлари режаланган.

Марказий Осиёга сафари арафасида Твиттер микроблогида саволларга жавоб берган АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Қўшма Штатларнинг Марказий Осиёдаги сиёсатини ҳимоя қилган.

Twitter фойдаланувчиларидан бири Америка Қўшма Штатларини икки юзламачиликда айблаган ва: "Нега Вашингтон Марказий Осиёдаги коррупцияга ботган ва диктаторлик режимларини қўллаб-қувватлаяпти", деб сўраган.

"Икки хил стандартлар йўқ. Биз Марказий Осиёда демократияни дастаклаймиз ва Марказий Осиё ҳукуматларини очиқ жамиятга интилишга ва коррупцияга қарши курашишга чақирамиз", дея жавоб берган Роберт Блейк.

Айни пайтда жаноб Блейк Марказий Осиё ҳукуматларини Араб баҳоридан сабоқ чиқаришга чақирган.

"Марказий Осиё мамлакатлари "Араб баҳори" сабоқларини ёддам тутмоқлари лозим", деб ёзган АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси.

Унга кўра, ҳукуматларнинг давлат бошқаруви шаффофлигини таъминлашлари муҳимдир.

Ҳукумат очиқлигининг муҳимлигини ўтган ҳафта Ўзбекистонда бўлган АҚШ Давлат котибининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Майк Ҳаммер ҳам таъкидлаган.

Жаноб Ҳаммер Ўзбекистон ҳукуматини матбуот билан очиқ мулоқот қилишга чақирган.

АҚШ мулозимларининг очиқликка даъватлари Ўзбекистон АҚШ билан сиёсий ва ҳарбий соҳада яқин ҳамкорликни қайта йўлга қўйган пайти янграмоқда.

Ўзбекистон АҚШнинг 2014 йилда Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишида муҳим транзит йўлагига айланган.

Америка мулозимлари Президент Каримов ҳукумати билан яқин ҳамкорлик қилиш билан бирга ҳукуматни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ундаётганликларини таъкидлаб келадилар.

Жаноб Блейкнинг ташрифи арафасида 1999 йилги Тошкент портлашларида айбланиб, қамалган таниқли ўзбек адиби Мамадали Маҳмудов 14 йилдан сўнг озодликка чиқарилган.

Бу мавзуда батафсилроқ