Толибон: Туркия, Россия ва Қирғизистон фуқаролари хавфсиз жойда

Ёмон об-ҳаво туфайли қўнишга мажбур бўлган тикучардаги хорижликларни қўлга олган Афғонистон Толибони "хорижликлар хавфсиз жойга" олиб кетилганини айтган.

Туркиялик йўл қурувчиларни олиб учаётган Россияда ишлаб чиқарилган Ми-8 тикучари якшанба куни Хост вилоятидан Кобулга парвоз қилган.

Об-ҳаво ёмонлашгач, Покистон чегарасига яқин Лўғар вилоятининг Азра туманида қўнишга мажбур бўлган.

Бу туман эса Толибон назорати остида.

Тикучарда саккиз нафар Туркия фуқаросидан ташқари экипаж аъзолари ва Афғон таржимон бўлган.

Тикучар учувчиларидан бири Россия, яна бири Қирғизистон фуқароси бўлган.

Ми-8 тикучари Украинага тегишли экани, уни Афғонистондаги хусусий Khorasan Cargo Airlines ширкати ижарага олгани хабар қилинган.

"Улар хавфсиз жойга олиб кетилган, уларнинг саломатлик муаммоси йўқ, ҳаммалари жуда яхши. Улар Афғонистоннинг ичкарисида" деб айтган Толибон воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид телефон орқали мулоқотида "Франс Пресс" ахборот агентлигига.

Уларнинг тақдири қандай кечиши ҳақидаги саволга, "Толибон раҳбарияти ҳал қилади", дея жавоб берган Забиҳуллоҳ Мужоҳид.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги сўзчиси Сиддиқ Сиддиқий тикучардагиларни қидириш бошланганини маълум қилган, бироқ бошқа тафсилотларни ошкор этмаган.

Айрим хабарларга кўра, хорижликларни озод қилишга оқсоқоллар жалб этилган.