Душанбе Жириновский изҳоротини "туҳмат ва таҳқир", деб атади

Image caption Тожикистон парламенти Жириновский сўзларини "таҳқирловчи", дея баҳолади

Тожикистон парламенти Россия Думасига мурожаат йўллаб, Россиянинг баъзи давлат расмийлари ва сиёсатчиларининг Тожикистон ҳақида билдирган фикрларини "таҳқир ва туҳмат" дея баҳолаган.

Тожикистон парламенти қуйи палатасининг раиси Шукуржон Зуҳуров Россия парламентига мурожаат ўқиб эшиттираркан, жумладан шундай деган: "Тожиклар ва Тожикистон ҳақида Россия оммавий ахборот воситаларида янграган хабарлар асосга эга бўлмай, танқиддан таҳқир ва туҳматга айланиб кетган."

Жаноб Зуҳуров Тожикистон йўловчи поездларини Россия ҳудудига киритмаслик ҳақида баъзи рус сиёсатчилари томонидан янграётган чақириқларини "асоссиз", дея атади.

"Бизга гўё тожик муҳожирлари ватанга бир йил ичида 3 миллиард доллар пул юборишади, деб миннат қилишади, аммо уларнинг Россияда 20 миллиард долларга тенг ишни бажаришлари ҳақида ҳеч нарса дейишмайди,” - деди Шукуржон Зуҳуров.

У, шунингдек, Россия Думаси раисининг муовини Владимир Жириновский "Россия-1" телеканалида тожик халқи ва унинг сиймоси ҳисобланган Тожикистон президентига нисбатан айтган сўзларини "таҳқир", деб атади.

Тожикистон парламентининг Россия Думасига йўлланган мурожаатда жумладан шундай дейилади: "Россия сиёсий элитасининг вакили бўлган Жириновскийнинг Тожикистон раҳбари ва халқига нисбатан айтган сўзлари таҳқирловчи бўлиб, дўстлик ва стратегик шериклик руҳиясига мувофиқ эмас. Унинг бу сўзлари икки давлат алоқаларига жиддий доғ тушириши мумкин.”

Бундан ташқари Тожикистон парламенти вакиллари Россия давлатидан расмий назарларни билдиришда "диққатлироқ" бўлишни талаб қилганлар.

Шу билан бирга мурожаатда Тожикистон ва Россия парламенти икки мамлакат муносабатлари дўстлик, ўзаро фойдали ҳамкорлик ва стратегик шериклик руҳиясида ривожланиши учун ҳаракат қилишлари зарурлиги таъкидланган.

Владимир Жириновскийнинг 18 апрел куни "Россия-1" телевизион канали "Поединок" кўрсатувида тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ва Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси ҳақида билдирган ҳиссиётли фикрлари икки давлат матбуот воситаларида кучли акс-садо берди.

Жаноб Жириновский "Поединок" кўрсатувида жумладан шундай деганди: "Ҳозир дўстларингиз - тожик коммунистлари бизнинг Тожикистондаги ҳарбий базамиз қийматини уялмасдан кўтаришаяпти! Шунинг учун биз бундан буён муҳожирларингизни қабул қилмаймиз, деймиз. Ана ўшанда давлат раҳбари нима қилади? У ўшанда унинг вақти охирига етганини жуда яхши тушуниб етади. Зеро афғон исломчилари Тожикистонни босиб олишади ва Раҳмонни Нажибулло сингари шаҳар марказида осишади.”

Жириновскийнинг бу сўзлари Тожикистонда эҳтиросларнинг жунбушга келишига олиб келди.

Жумладан, Тожикистон Ислом Уйғониш Партиясининг раҳбари Муҳиддин Кабирий душанба куни бир матбуот йиғини ўтказиб, Жириновскийнинг бу изҳоротини кескин қоралади.

Аммо у мазкур изҳоротга расмий жавоб бериш Тожикистон дипломатлари, жумладан Ташқи ишлар вазирлиги вазифаси эканини айтди.

У гарчанд Президент Раҳмоннинг баъзи ички масалаларда Президент Раҳмонга қўшилмасада, уни ўз президенти деб билиши ва давлат раҳбарига нисбатан таҳқирни қабул қилмаслигини айтди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 23 апрел куни Россиянинг бу мамлакатдаги элчиси Юрий Поповни вазирликка чақириб, унга Дума раиси муовини ва Россия Бош вазирининг ўринбосарининг Тожикистон ҳақидаги чиқишларига вазирлик нотасини топширди.

Владимир Жириновский изҳоротига эътирозан битилган вазирлик нотасида жумладан шундай дейилади: "Давлат мансабдорларининг ахборот воситалари орқали ҳақиқатдан йироқ, тўҳматли, таҳқирловчи ва нодўстона гапларни айтишлари бизни ташвишлантиради ва икки мамлакат ўртасидаги дўстонда муносибатларга жиддий зарар етказади."

Бу мавзуда батафсилроқ