Америкадан нуфузли ҳайъат Алматидаги "Осиё юраги" анжуманида қатнашади

Image caption Минтақага сафари олдидан жаноб Блейк "Араб баҳори"дан хулоса чиқаришга чақирди.

АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк Қозоғистон раҳбарлари билан учрашганидан кейин Тошкентга йўл олган.

Айни пайтда АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Уилям Бёрнс Пекиндаги музокаралардан кейин Алматига етиб боришни режалаган.

26 апрел куни қатор мамлакатлар сиёсатчилари иштирокида "Осиё юраги" анжуманини ўтказиш мўлжалланган.

Куни кеча Қозоғистон пойтахти Остонада гапирган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк сўзларига кўра, Америка Қўшма Штатлари 2014 йилда Афғонистондан чет эл қўшинлари чиқиб кетганидан кейин ҳам минтақада барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшади.

"Биз нафақат Афғонистон, балки бутун минтақадаги хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиёт ишига ўз улушимизни қўшиш учун ҳамма ишни амалга оширамиз", деб айтган жаноб Блейк.

АҚШ Давлат департаменти хабарига кўра, Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк Остонадан Тошкентга боришни ва у ерда АҚШ-Ўзбекистон алоқаларидаги қатор ўзаро манфаатли масалалар, жумладан хавфсизлик, сиёсий, иқтисодий ва инсоний ўлчамдаги масалаларни Ўзбекистон расмийлари билан муҳокама этишни режалаган.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейкнинг сафари арафасида Ўзбекистон ҳукумати 14 йил тутқунликда сақлаган кекса ёзувчи Мамадали Маҳмудовни озодликка чиқаришга қарор қилди.

Жаноб Блейкнинг Тошкентдаги Жаҳон иқтисоди ва дипломатияси университетида Американинг Марказий Осиёдаги сиёсатига бағишланган маъруза билан чиқиши кутилмоқда.

Шунингдек, америкалик юқори лавозимли мулозим ўзбекистонлик фуқаролик жамияти ҳамда бизнес вакиллари билан учрашишни режалагани хабар қилинган.

24-25 апрел кунлари АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Уилям Бёрнс Пекинда Хитой раҳбарияти билан қатор музокараларни ўтказиши режаланган.

Шундан сўнг жаноб Бёрнс ва жаноб Блейк Алматидаги "Осиё юраги" анжуманига тўпланадилар.

Бу анжуман мақсади Марказий Осиёдаги сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик билан боғлиқ ҳамкорликни янада кучайтириш экани хабар қилинмоқда.

Ана шу мақсадда бир ярим йил олдин минтақа давлатлари вазирлари даражасидаги мулоқотлар бошланган.

Бу учрашувларга "Истанбул Жараёни" деб ном берилган.

Алматидаги анжуман ушбу мулоқотлар доирасидаги учинчи учрашув бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ