АТРОФДАГИ ЎЗБЕКЛАР: ҚИРҒИЗИСТОН

Image caption Қирғизистон ўзбеклари аксар тижорат ва ҳунармандчилик билан шуғулланишади

Қирғизистондаги ўзбеклар аҳволи бир қарашда бутун жаҳонга маълум: 2010 йил июнида улар қирғизлар ҳужумларига дуч келгани борасида бутун дунё ёзди.

Айни пайтда, ўзбеклар аҳволи номаълум қолмоқда, деса ҳам бўлади. Чунки ўша воқеалардан бери жанубий Қирғизистонга мустақил журналистлар кириб ишлаши қаттиқ чекланмоқда. Айниқса, миллати ўзбек ва ўзбекларга хайриҳох кўрилганлар учун Ўшга элтувчи йўллар ёпилган.

"Ўзбеклар мунтазам камситилмоқда ва таҳқирларга дучор бўлиб яшашмоқда" қабилидаги кам сонли фаолларнинг баёнот ва ҳисоботларини айтмаса, у ердаги бугунги ҳаёт борасида аниқ ва тўлиқ тасаввурлар оз.

Ҳукумат жамоалар ярашаётганини кўрсатиш билан банд. Фақат яқинда борган шоҳидлару яккам-дуккам журналистларнинг таассуротлари холисроқ манзарани чизиши мумкин, холос.

"Вазият изига тушмоқда, бозорларда ўзбеклару қирғизлар бақамти савдо қилишади, сайилларга чиқишмоқда" - дейишади Ўшда бўлганлар - "Аммо ўзбекларнинг кўнглидан ҳали-ҳамон қандайдир ҳадик, хавотир аримаган".

'Сени Каримов юбордими?'

Image caption Бишкекда тандир нонларини уйғурлар ва ўзбеклар ёпишади

Мен Ўш қирғинидан атиги бир неча ой олдин бу қадим шаҳарга келганимда бир тарафда ўзбек-қирғиз дўстлигини, иккинчи тарафда ўзбеклардаги қимтиниш ва ҳадик-хавотирларни ҳам кўрган эдим. Аммо маиший миллатчилик кучайиб, қандайдир ваҳшатли зўравонликка айланиши ўша пайтлари ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмасди.

Марказдаги мўъжазгина замонавий меҳмонхонага жойлашарканман, ҳам маъмур, ҳам хўжайин ўрта яшар қирғиз аёли мендан илк ўринда нима иш қилишимни сўраган ва журналистлигимни билгач, очиқдан-очиқ савол қўйганди:

"Нима сени бу ерга Каримов юборганми? ФАНО қилишга келдингми?"

Бундайин бетакаллуф мезбонликдан бироз гангиб, ФАНО нима деб сўраганим эсимда.

"ФАНО - Фарғона, Андижон ва Наманган ёнига Ўш (Ош)ни ҳам қўшиш дегани. Ўзбекистоннинг қайси газетаси ё радиосидансан ўзи?" - дерди маъмур-мезбон аёл савол беришдан тўхтамасдан.

Бу - Ўшдаги мени гангитган илк кутилмаган воқелик эди.

Кейинроқ кирага машина олиш учун борганда, йўлда гурунглашиб кетиш учун ўзбек ҳайдовчиси изладим. Аммо бизнинг олдимизга шахдамлик билан биринчи бўлиб келганлар қирғиз ҳайдовчилари эди.

Ўзбеклар эса қачон булардан ортса, кейин биз йўловчи оламиз, дегандек четроқда жимгина кутиб туришарди.

Ҳатто ҳамроҳим ҳам: "Ўзбек ҳайдовчи, деб ўтирмасдан, олдинга сапчиётган бирон қирғиз ҳайдовчиси машинасини кирага олиб кета қолинг, ўзбек ҳайдовчилар буларнинг йўлини кесиб, барибир сизни олишдан ҳайиқишади" - дегани эсимда.

Ана ўшандагина мен бир нарсани сезгандим: Қирғизистонда аллақачон етакчи миллатнинг имтиёзли мавқеи ва озчилик миллатларнинг ўрни қандай бўлиши кераклиги борасида муайян қарашлар шаклланиб улгурган эди.

Ачинарлиси, бу қарашларни иккала тараф ҳам қабул қилгандек кўринарди.

Лекин икки қардош миллат тинч ва дўстона яшаса, бировнинг мавқеи баланд ё паст бўлишига ҳожат қолармикан, деган савол ҳам кўнглимдан ўтганди.

Миллат танламас бозор

Аммо бутун минтақа тожирларини ўзига тортувчи Қорасувдаги йирик улгуржи бозорида ана шундай дўстлик, тўғрироғи, инсонларнинг бир-бирига бўлган ўзаро эҳтиёжига гувоҳ бўлганман.

Image caption Ўзбекча атлас кўйлаклар кўпинча Андижон ё Фарғонадан келади

Ўзбек-қирғиз чегарасидан қочиб-пусиб ўтган ва қўрқув билан бозор оралаб юрган ўзбекистонликларни милиция текшириб қолса, қирғиз аёллар бориб, уларни милициядан ҳимоя қилишар ва милиция ходимларинм ҳайдаб солишарди.

"Ўзбеклар келмаса, бизнинг бозор ўлади-ку, милиция уларни чўчитмасин, деб биз ҳар вақт ўзбек харидорларни ҳимоя қиламиз" - дейишарди қирғиз аёллари.

Аммо бу тижорий манфаатга таянган ҳолат.

Бишкекда мени олиб юрган русийзабон қирғиз ҳайдовчим миллий муносабатлар рисоладагидек эмаслигидан нолиган.

"Ўзбек дўстим лавозимида кўтарилиши керак эди, аммо миллатингни ўзгартирмасанг, бўлмайди дейишди. Иложсиз, ё мансаби, ё миллатидан воз кечиш танлови олдида қолган"- деганди у.

Мазкур ҳолатлар ва ҳикоялар ҳали икки миллат орасида кечган 2010 йилги зўравонликдан олдинги аломатлар ва воқелик эди. Кейинчи?

"Ўзбеклар ҳозир ҳақ бўлишса ҳам қирғизлар билан тортишиб ўтиришмайди. Чунки милиция келсаям, барибир, қирғизни ҳақ, деб топади. Ўзбек-қирғиз тортишиб турганда атрофдаги қирғизлар ҳам қўшилиб, ўз миллатдоши ёнини олишади. Ўзбеклар эса бунақа машмашаларга бош қўшишдан анча юрак олдиришган" - дейди маҳаллий фаоллардан бири.

Дарҳақиқат, бу қўрқув йўқ жойдан пайдо бўлмаган.

Ҳатто қирғиз инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра ҳам Ўш зўравонлигида аксар ўзбеклар жабр кўришган, бироқ бугун жазога тортилганларнинг аксариси ҳам ўзбеклар бўлишмоқда.

Image caption Жанубнинг ҳосилдор ерларида азалдан ўзбеклар яшаган, энди уларнинг ерлари тортиб олинаётгани ҳақида хабарлар чиқмоқда

"Бир айб билан ўзбекка узоқ йиллик жазо беришса, худди шундай модда билан айбланган қирғиз енгилгина жазо билан қутулади" - деганди Бишкекдан фаол Азиза Абдурасулова зўравонликка оид маҳкамалар ҳақида гапириб.

Ўш ҳамда Жалолободдаги зўравонликка бевосита гувоҳ бўлганлар, ўзбекларни нишонга олган қама-қамалардан жабр кўрганлар имконини топиб, ташқарига чиқиб кетишга интилишади. Кетганлар Ўшга қайтишдан қаттиқ хавотирдалар.

Кўплаб ёшлар Россияда. Қирғизистонда иш топа олмаётган ва қийналаётган ўзбек ёшлари учун Россия ҳам бошпана, ҳам пул топиш имконига айланмоқда.

Турли рақакмларга кўра, 2010 йилги июнь қирғини орқасидан ҳам ишсизлик ва ҳам таъқиблару қама-қамалардан қўрққан ўн минглаб ўзбек эркаклари Россияга кетиб қолганлар.

Миллий қўрқув

Хуллас, Қирғизистон ўзбеклари азалий ота-боболари юртида ўзларини бирдан иккинчи даражали ва бегона ҳис қилиб қолдилар.

Бу ерда қад кўтараётган ҳар бир обидага ҳам қирғизча қалпоқ кийгизилмоқда. Мактабларда эса ўзбек синфлари шиддат билан камайтирилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Айрим гувоҳлар аллақачон қирғизлашиш жараёни йўлга қўйилгани ҳақида айта бошлашган.

"Одамлар мажбур: Қирғиз мактабига бориш керак, кўчада қирғизча гапириш лозим ва ўзини қирғизларга яқин тутиши даркор" - дейди у ерда бўлганлар.

"Аммо бу Ўзбекистоннинг ёпиқлигига ҳам тақалади. Ўзбекистон чегараларини очса ва борди-келдига ҳадеб тўсқинлик қилавермаса, Ўзбекистондан борадиган одамлар туфайли у ердаги ўзбекларнинг ўзлигини сақлаб қолиш имконлари ҳам каттароқ бўларди, қирғиз-ўзбек дўстлиги ҳам кучаярди".

Image caption Қорасув улгуржи бозорида эса ўзбек-қирғиз дўстлигига гувоҳ бўлиш мумкин эди ўшанда

Жанубий Қирғизистонда зўравонликдан кейин бўлган халқаро ташкилотлар эса мавжуд аҳволдан хавотирларини яширишмайди.

"Қирғизистон миллий озчиликлар яшаши ўта оғир ва қийин бўлиб қолаётган дунёдаги 3-4 мамлакатлардан биттаси" - дейилганди сўнгги йиллардаги халқаро хулосалардан бирида.

"Ёш ўзбек аёллари зўравонлик чоғи содир этилган таҳқирлар ортидан янада ҳижобга ўраниб кетишмоқда ва кўчада эмин-эркин юришга ҳам чўчишади" - деганди Ўшда бўлган оврўполик журналист аёл.

"Бу қўрқувлар ҳали-бери кетмаса керак. Ўтган сафарги ўзбеклар устига бўлган ҳужумдан 20 йилча вақт ўтиб, ана энди унутилди, деб турган пайтда ўзбеклар янгидан ҳужумга тутилди. Бундай ҳолатда ўзбек жамоасида ҳали узоқ йиллар мунтазам қўрқув сақланиб қолади".

Мунтазам қўрқув эса нафақат ичкарида, балки ташқарида ҳам сезилади. Ва минтақадаги нисбатан эркин жамият саналмиш Қирғизистонда қўрқув кўпроқ миллий озчиликларга хослиги айтилади.

Мана, Ўш зўравонлигидан бери бир ўзбек сифатида Ўшга борсам, бу сафар мен учун қанчалик хатарнок кечиши мумкинлиги ҳақида баъзида ўйлаб қоламан.

Аммо кўнглимдан бошқа бир савол ҳам кетмайди.

"Ахир қарийб бир миллион ўзбек мана шундай мунтазам қўрқув остида жанубий Қирғизистонда яшамоқда-ку. Уларда бошқа қандай танлов бор яшаш ва тинчликка умид қилишдан бошқа?"

Бу мавзуда батафсилроқ