Назарбоев Афғонистондан НАТО қўшинлари чиқиб кетишидан чўчимайди

Image caption "Бутун дунёда бўлаётгани каби бизнинг минтақамизга ҳам ўзгаришлар келаяпти", деган жаноб Назарбоев.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев айтишича, НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан ҳеч қандай фожеа юз бермайди.

Унга кўра, Марказий Осиё минтақаси ўзгаришлар палласида турибди.

“Марказий Осиёдаги бизнинг минтақага, дунёда бўлаётгани каби ўзгаришлар даври келаяпти. Шу жиҳатдан минтақавий хавфсизлик масаласи жуда ҳам долзарб. Шуни айтмоқчиманки, НАТОнинг Афғонистондан 2014 йилда чиқиб кетиши ортидан ортга айланувчи таймер қўшилгани йўқ. Минтақамиз учун ҳеч қандай фожеа содир бўлмаслигига аминман”, - деган Нурсултон Назарбоев.

Президент Назарбоев айтишича, Марказий Осиё Худо томонидан унутилган жой эмас, балки янги ва динамик минтақадир.

2014 йили Афғонистондан АҚШ бошчилигидаги НАТО кучлари чиқиб кетиши ортидан мутахассислар минтақада хавфсизлик масаласи кескинлашинини билдиришади.

Айниқса, Ўзбекистон махсус кучларига таянган экспертлар Афғонистондаги жангарилар 2014 йилдан сўнг Марказий Осиё давлатларига хавф солиши мумкинлигини таъкидлаб келишади.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Расул Жумали Президент Назарбоев томонидан тинчлантиришга йўналтирилган бу каби баёнотларни тушунишини айтади.

"Давлат раҳбарининг вазифаси одамлар орасида осудаликни сақлаш. Аммо НАТО кучлари чиқиб кетиши ортидан вазият президент айтаётгандек осон эмас. Вазият анча мураккаб. Маълум хавотирлар нафақат Қозоғистонда, балки минтақанинг бошқа давлатлатлари, айниқса Ўзбекистонда ҳам билдирилмоқда. Агар АҚШ қўшинлари буткул Афғонистондан олиб чиқилса, қандайдир ўзгаришлар бўлиши тайин”, - дейди Расул Жумали.

Толибоннинг бундан 10 йил олдинги асосан паштунлардан ташкил топган гуруҳга ўхшамаслигини ва бугунга келиб турли миллат ва кучларни бирлаштирган қуролли кучга айлангани айтилади.

Толибон қудратга келадиган бўлса, Марказий Осиё давлатларига у ё да бу даражада таъсир ўтказиши мумкин.

Айниқса, таркибида Марказий Осиё ва Қофқоз фуқароларидан ташкил топган турли гуруҳлар минтақада ўз манфаатини ҳимоя қилишга жадал киришиши мумкин.

Сиёсатшунос Расул Жумалига кўра, минтақа давлатлари бундай пайтда биргаликда ҳаракат қилиши орқали ўз манфаатларини якдил ҳимоя қилиши мумкин.

Лекин ШҲТ, КХҲШТ, НАТО каби ташкилотлар билан ҳамкорлик қилаётганда ушбу давлатларнинг геополитик манфаатлари йўлида ўйинчоқ бўлиб қолмаслиги керак.

“Минтақа давлатлари Афғонистонга нисбатан ўзнинг мувозанатли сиёсатини юритиши лозим. Ва Афғонистонда шахсий манфаатларини кўзлаётган кучларнинг қўғирчоғи бўлиб қолмаслик керак. Афғонистон бизнинг қўшни давлатимиз ва билан муносабатлар миллий манффатларни кўзлаган ҳолда амалга оширилади”, - дейди Расул Жумали.

Сиёсатшуносга кўра, Афғонистон ҳукуматига кўпчилик халқ қўлловчи қандай кучлар келишидан қатъи назар, Қозоғистон бу ҳукумат билан ҳисоблашиши керак.

Бу мавзуда батафсилроқ