АҚШ Хитойни Қошғардаги ҳодисани муфассал текширишга чақирди

Америка Қўшма Штатлари Шинжон Уйғуристонида 21 инсон ўлимига сабаб бўлган тўқнашувларни шаффофлик билан тергов қилишга чақирди.

АҚШ Давлат департаменти сўзчиси Патрик Вентрелл тергов жараёни мобайнида барча Хитой фуқаролари, жумладан Уйғурларни ҳам "ҳимоя билан" таъминлашга даъват этган.

Америка ташқи сиёсат идораси мулозими Хитой ҳукуматини инсонлар диний ҳуқуқларини таъминлашга чақирган.

"Биз талофотларга олиб келган бахтсиз зўравонлик амалларидан афсусдамиз ва биз Хитой расмийларини тарангликни камайтириш чораларини кўриш ва Шинжонда узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш чақириқларимизни давом эттирамиз. Ва биз Хитой расмийларини ҳодиса юзасидан чуқур ва ошкора тергов ўтказишга, барча Хитой фуқаролари, жумладан Уйғурларга ҳам жараён пайтида ҳимоя билан таъминлашга чақирамиз. Бундай ҳуқуққа улар нафақат Хитой қонунлари, балки инсон ҳуқуқлари халқаро мажбуриятлари бўйича ҳам эгалар", деб айтган жаноб Вентрелл.

Шинжондаги расмийларга кўра, уларнинг ўзларининг таъбирлари бўйича "жамоат ходимлари" уйма-уй юриб қурол-яроғ қидираётган пайтларида тўқнашув келиб чиққан.

Ўн беш полициячи ва ижтимоий ходимлар ва олти гумондор ҳалок бўлган.

Яна саккиз киши ҳибсга олинган.

Қонли ҳодиса 23 апрел кундузи Қошғар шаҳрининг Бачу туманида рўй берган.

Хитой расмийларига кўра, бу "зўравон террорчи гуруҳнинг олдиндан режалаган ҳужуми бўлган.

Бироқ муҳожиротдаги Жаҳон Уйғурлари Конгресси ташкилотига кўра, Хитойнинг "қуролланган шахслари" ҳукуматнинг навбатдаги тозалаш кампанияси пайти ёш Уйғурни ўлдиргани ушбу ҳодисага сабаб бўлган.

Сўнгги қонли ҳодиса мусулмон Уйғурлар билан хитойлик Ҳанлар ўртасидаги таранглик кузатилиб турган пайтда рўй берган.

Уйғурлар Хитойнинг Шинжон-Уйғур Мухтор тумани аҳолисининг 45 фоизини ташкил этади, лекин Шинжонда Ҳанларнинг сони кўпайиб бораётгани этник зўравонликларга етаклаётгани айтилади.

Хориждаги Уйғурлар Хитой ҳукуматини Шинжондаги аҳоли таркибини туб аҳоли бўлмаган Ҳанларни бу жойга кўчириб олиб келиш билан ўзгартиришга интилаётганликда айблайдилар.

2009 йил ёзида Уйғурлар билан Ҳанлар ўртасида этник тўқнашувлар келиб чиққан, Хитой расмийларига кўра, ушбу ҳодисаларда қарийб 200 киши, аксари хитойлик Ҳанлар ҳалок бўлган.

Пекин расмийлари Шинжондаги аксар зўравонликларда бу минтақани Хитойдан ажратиб олиш мақсадини кўзлайдиган Уйғур бўлгинчиларини айблайди.

Аммо Уйғур фаолларига кўра, Хитой ҳукумати мусулмон озчилик бўлган Уйғурларга қарши юритаётган қатағон сиёсатини оқлаш учун Уйғурларни ёмонотлиқ қилиб келади.

Мухбирлар Шинжондан олинаётган хабарларнинг чин-ёлғонлигини текшириш қийинлигини айтишади.

Хорижий журналистларнинг Шинжонга сафар қилишларига рухсат берилади, лекин мухбирлар этник ғалаёнлар ёки ҳукумат расмийларига қарши уюштирилган зўравонликлар борасидаги янгиликни текширишга киришганларида кўпинча пўписа ва таъқибларга дучор бўладилар.

Хитойда инглиз тилида чоп этиладиган China Daily рўзномаси 25 апрел куни Шинжондаги қонли ҳодиса ҳақида мақола чоп этган, бу мақолада "мамлакатдаги террорчилар уясини таг-томири билан қўпориш учун қатъиятли қадам ташлаш" лозимлиги таъкидланган.

Давлат назоратидаги China Daily ёзишича, Шинжондаги ҳодиса "мамлакат шимоли-ғарбида террорчиларнинг таҳдиди бугунги кунда ҳам аниқ сақланиб қолаётганининг қонли эслатмасидир".

Бу мавзуда батафсилроқ