Қирғизистонда "Ҳизб ут-Таҳрир"дан намойишкорона воз кечилган

"Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилоти логоси
Image caption "Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилоти Қирғизистонда тақиқланган

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида тақиқланган диний-экстремистик ташкилот - "Ҳизб ут-Таҳрир"га аъзоликни қоралаш ва ундан омма олдида воз кечишга қаратилган тадбир ўтказилган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Хабарга кўра, Аравон туманидаги масжидлардан бирида икки ёш маҳаллий раҳбарлар, хавфсизлик хизмати ходимлари, давлатнинг дин ишлари бўйича қўмитаси вакиллари, маҳаллий ёшлар қаршисида "Ҳизб ут-Таҳрир"га кирганларидан афсус изҳор қилишган ва диндорларни бекорчи ғояларга учмасликка чақиришган.

Аввал "Ҳизб ут-Таҳрир"га аъзо бўлгани айтилган аравонлик ушбу ёшлар ўз қилмишларидан афсус изҳор қилишган ва диндорларни бу каби бекорчи ғояларга учмасликка чақиришган.

Аравонлик ушбу ёшлар ташкилотдан чиқаётганларини тасдиғи учун қўлларига Қуръони Каримни ушлаб қасам ҳам ичишган.

Ҳодиса қирғизистонлик 20 га яқин ўсмир Суриядаги жанговор ҳаракатларида қатнашиш учун ақидапараст гуруҳлар томонидан ёллангани борасидаги хабарлар ортидан кузатилмоқда. Ёлланган ўсмирларнинг ҳаммаси Қирғизистон жанубидан эканлари айтилганди.

Ўшлик журналист Шоҳруҳ Соиповга кўра, айни ҳодиса ортидан ёшларни турли огоҳликка чақириш учун ташкиллаштирилган ҳам бўлиши мумкин.

"Бундай тадбирлар унчалик тез-тез ўтказилмайди. Қирғизистондаги аҳволдан келиб чиққан ҳолда, яъни қандайдир бир мавзу долзарб аҳамият касб этса, муаммо пайдо бўлиб, салбий оқибатлар кўрина бошлагандагина, қўштирноқ ичидаги чораларни кўра бошлашади. Бир ҳафта олдин Боткен вилоятидаги ёшлар Сурияга жиҳод учун ёллангани борасида хабарлар чиққанди. Биздаги хавфсизлик идоралари ҳозир бу иш билан жиддий шуғулланишаяпти. Қолган ёшлар ҳам алданиб қолмасликлари учун огоҳлантириш мақсадида ўтказилган бўлиши мумкин. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, диний масала ҳозир долзарблигича қоляпти", дейди у.

Бундан олдинроқ ҳам матбуотда диний-экстремистик гуруҳлар Қирғизистон жанубида фаоллашгани борасида хавотирли чиқишлар қилинган.

Бироқ, маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ва диндорлар бундай хавотирларга асос йўқлигини, кўпда вазият бўрттирилиб кўрсатилишини айтишади.