Раҳмон эркин сайлов ваъда қилмоқда

Image caption Бугун Тожикистон шаҳар-қишлоқлари Президент Раҳмоннинг акс ва сўзлари билан безалган

"Сайловолди жараёни эркин, шаффоф ва демократик тарзда ўтади" - деди кутилаётган президентлик сайлови ҳақида гапирган Имомали Раҳмон.

Тожикистон парламентига қарата гапирган жаноб Раҳмон келаётган сайловолди ва овоз бериш жараёнида барча фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини кафолатлашга ваъда берди.

Ҳар бир партия ва ташкилотга сайловда қатнашиш учун шароит яратиш ваъдасини берган тожик президенти нутқида бир "аммо"си бор.

Бу ҳам бўлса ушбу партия ва гуруҳлар "1991-92 йиллари бўлганидан фарқли тарзда хориждаги раҳнамоларига умид қилмасликлари керак".

Президент Раҳмон бу сафарги сайловда ўз номзодини қўйиш ё қўймаслигига ҳеч қандай ишора бермаган. Аммо президентликни эплай оладиган кадрлар тайёр туриши ҳақида айтган.

Жаноби олийлари

Фуқаролар уруш ортидан мухолифат билан қудратни бўлашган Тожикистон минтақада исломий партия фаолиятига изн берган ягона мамлакатдир.

Бироқ Тожикистон раҳбарияти мухолифат етакчиларига қарши таъқиблар ва кучли рақибларни четга суриш ҳаракатларини кучайтирган деган иддаолар мавжуд.

Марказий Осиёдаги энг қашшоқ мамлакатни йигирма йилдан кўпроқ даврдан бери бошқариб келаётган Имомали Раҳмон ҳозир ўз мавқеини мустаҳкамлаб олгани айтилади.

Қўшни Ўзбекистон ва ё Туркманистонга қиёслаганда Тожикистонда сўз ва фикр эркинлиги нисбатан таъминланган.

Бироқ президент яккаҳокимлиги йил сайин кучаётгани кузатилади.

Шаҳар ва қишлоқлар Президент Раҳмоннинг сурат ва сўзлари билан безалган. Телевизор экранларидан тушмайдиган президентга кўп ҳолларда "жаноби олийлари", деб нисбат берилади.

Ҳозир эркин сайловлар ваъда қилинаётган эса-да, аммо Тожик ҳукумати четдаги мухолифат етакчиларини ҳибсга олиш ва сайловолди жараёнида уларнинг сасини чиқармасликка интилмоқда, деган фикрлар ҳам бор.

Кейинги ойлари Украина ва Дубайда расмий Душанбега мухолиф саналган шахсларни ушлаб, Тожикистонга топширишга уринишлар бўлди.

Кузатувчиларга кўра, мамлакатда Исломий мухолифат обрўси баланд қолмоқда, лекин аксар етакчилари ташқарига чиқиб кетган дунёвий мухолифат мамлакат ичкарисида жуда заиф.

Хуллас, Тожикистон президенти ваъда қилаётган эркин сайлов унда қандай номзодлар қатнашиши, сайловолди ва овоз бериш жараёнлари қанчалик холис ҳамда эркин ўтиши билан ҳам белгиланади.

Асосийси, қарийб чорак асрдан бери Тожикистонни бошқараётган собиқ коммунист президент ўз номзодини илгари сурадими ё йўқми?

Бу мавзуда батафсилроқ