Россия: Исломий марказда ўтказилган рейдда 140 киши қўлга олинган

Москва ва Москва вилоятидаги миграция, Федерал Хавфсизлик Хизмати ходимлари ва полиция жума куни Данилов туманидаги "Дар ул-Арқам" исломий марказига рейд уюштиришган. Натижада 140қа яқин инсон қўлга олинган.

Ушланганлар Жанубий маъмурий округ полиция бўлимига текширув учун олиб кетилган.

Федерал Хавфсизлик Хизматининг Москва шаҳри ва вилояти бўйича бошқармасининг "Интерфакс" ахборот агентлигига айтишича, ушлангандан 30 нафари хориж фуқароларидир.

Россиядан инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроевнинг маълум қилишича, қўлга олинганлар орасида марказий осиёликлар ҳам бор.

"Дар ул-Арқам"да қамалганлар яна ўша - ўзбек, тожик, асосан, доғистонликлар ва қофқозликлар. Бир неча татар йигитларни мен биламан, шу Москвада яшашади, уларни олишган", дейди у.

Қўлга олинганларнинг тақдири борасида расмийлар янги тафсилотларни беришмаган. Аммо, Баҳром Ҳамроев уларнинг кўплари алал-оқибат қўйиб юборилишини айтади.

"Одатда улар ушлаб кетилиб, шахслари билан боғлиқ айрим маълумотлар, бармоқ излари олинади. Аммо, аксари кейин қўйиб юборилади, охир-оқибат 3-4 одамни қамашлари мумкин", дейди ҳуқуқ фаоли.

Маълумотларга кўра, рейд ўтказилган манзилда масжид, кутубхона ва араб тили ўргатувчи ўқув маркази жойлашган.

Федерал Хавфсизлик Хизмати "Дар ул Арқам" аллақачон эътиборга тушганини айтади.

Матбуот хизматининг таъкидлашича, марказга бир неча бор бегоналар келишган ва "кейинроқ кескин радикал томонга ўтиб, Шимолий Кафқоздаги жиноий гуруҳлар сафига киришган. Улар шунингдек, Россия ҳудудида экстремистик ва террорчи амаллар тайёрлаш ва содир этишда қатнашганлар.

Бошқа томондан, Россиядаги масжидлар ва Исломий марказларга хавфсизлик хизмати рейдлари илк бор ўтказилаётгани йўқ.

Ўтган феврал ойида ҳам Санкт-Петербург шаҳрида масжид сифатида фойдаланилган бинодан 500га яқин киши ушлаб сўроқ учун олиб кетилганди. Кейин Кабардин-Болқордан экани айтилган Мурат Сарбашев исмли 24 ёшли йигит ҳибс қилинган. У экстремистик адабиётлар ва видеоёзувларни тарқатишда гумон қилинган.

Бундан ташқари, беш нафар тожикистонлик, икки ўзбекистон фуқароси ва икки нафар озарбайжонлик меҳнат муҳожирлари ватанларига қайтариб юборилганди.

Аммо, ҳуқуқ фаоллари ва кузатувчилар АҚШнинг Бостон шаҳрида юз берган портлашлар ортидан Россиядаги мусулмонларга нисбатан босимлар янада кучайиши эҳтимолидан хавотирлар пайдо бўлганини айтишади.

Бу мавзуда батафсилроқ