Ворух анклави: Вазият барқарорлашди, назорат кучайтирилган

Image caption Тожикистоннинг Ворух анклави Қирғизистон ҳудуди ичкарисида жойлашган.

Қирғизистон ҳудудида жойлашган Тожикистоннинг Ворух анклавида маҳаллий аҳоли ўртасида танглик вужудга келганидан сўнг назорат кучайтирилган.

Расмийларга кўра, ҳозирда ҳудуд икки мамлакат милиция ходимлари томонидан биргаликда назорат қилинмоқда.

Қирғизистон Ички Ишлар Вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, Боткен вилоятининг "Оқ-сой" ҳудудидаги йўл қурилиш ишларини Тожикистоннинг Исфара тумани яшовчиларидан тахминан 100 киши тўхтатишга ҳаракат қилганлар.

Исфараликлар Қирғизистон қураётган йўл ўтаётган ҳудуд Тожикистонга тегишли эканлигини даъво қилганлар.

Хабар берилишича, улар йўл қурувчиларни калтаклаб, тарктор ва махсус техника ойналарини синдиришган.

Кейинчалик можаро кенгайиб, чегаранинг икки томонидан яшайдиган 4 мингга яқин киши иштирокидаги жанжалга айланган.

27 апрел куни рўй берган ҳодиса оқибатида 10 дан ортиқ киши жароҳат олган, аҳоли шахсий мулкига зарар етказилган.

Жабрланганлардан бир неча киши касалхонага ётқизилган.

Ҳодиса ерига Қирғизистон Ички Ишлар вазири ўринбосари Курсан Асанов етиб келиб, икки мамлакат аҳолиси вакиллари ва Тожикистон расмийлари билан музокаралар ўтказган.

Ҳодиса юзасидан Қирғизистон ҳукуматининг тегишли идоралари бош вазир Жонтўра Сотболдиев раислиги остида шошилинч мажлис ўтказиб, чегарларни белгилаш жараёни имкон қадар тез ҳал қилиниши кераклиги борасида топшириқ берганлигини айтган.

Расмийларга кўра, ҳозирда чегардаги вазият барқарорлашган.

Шу йил январ ойида ҳудудий тортишув Қирғизистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистонга тегиши Сўх анклави яқинида ҳам рўй берганди.

Қирғизистон чегарачилари симёғоч ўрнатишга ҳаракат қилган вақтлари маҳаллий аҳоли норозилик билдирган. Сўхликлар симёғочлар ўтказилаётган ҳудуд Ўзбекистонга тегишли эканлигини даъво қилганлар.

Баъзи тасдиқланмаган хабарларга кўра, бунга жавобан қирғиз чегарачилари ўқ очиб беш нафар Ўзбекистон фуқаросини жароҳатлаганлар.

Бундан ғазабга келган Сўх туманининг Ҳушёр қишлоғи яшовчилари Қирғизистон ҳудудидига ўтиб, бир неча машиналарга ўт қўйган ва 10 дан ортиқ қирғиз фуқароларини гаровга олишган.

Ҳодисалар ортидан Қирғизистон Сўх анклавига олиб борувчи йўлда жойлашган чегара-ўтиш нуқталарини беркитганди.