АТРОФДАГИ ЎЗБЕКЛАР: АФҒОНИСТОН

Image caption Мумтоз Ўзбек санъатини асраб келаётганлар Афғонистонда жуда озчилик

Толибон қулаши ортидан Ўзбеклар зич яшовчи шимолнинг азалий тинч минтақалари ҳам зўравонликларга саҳна бўла бошлади.

Лекин шу ҳолатда ҳам афғон ўзбеклари яқин тарихда кузатилмаган ҳуқуқларга эга бўла олдилар.

Ўзбек тили шимолда расмий мақом олди, мактабларда ўзбек тили ва адабиёти дарслари ўқитилмоқда, ўзбекчада матбуот ва телерадио барномалари бошланди, китоблар чиқмоқда, шаҳарларда Бобур, Амир Тимур ва Алишер Навоий номида боғлар, кўчалар ҳамда даҳалар пайдо бўлди.

Парламент вакиллари, давлат мулозимлари ва ё мамлакатнинг бадавлат ишбилармонлари орасида ўзбеклар сони тобора ортмоқда.

Аммо бу ўзгаришлар аслида бошланғич қадамлар. Чунки Афғонистон ўзбеклари бошқа ерлардаги миллатдошларидан фарқли тарзда сўнгги 2-3 асрда умуман бирон айтарли миллий ҳақ-ҳуқуққа эга эмасдилар.

Кўпаймаган ўзбеклар

Энди эса ўзларини Афғонистоннинг тўрт йирик миллатидан бир сифатида кўрсатаётган ва мамлакат сиёсати, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётида ўз ўрни муҳимлигини таъкидлашга уринаётган миллат учун бу ҳали етарли эмаслиги айтилади.

Image caption Нурулло Олтой - арабий имлодаги ўзбек тилида дарслик ва лўғатлар чоп этишга бел боғлаган шибирғонлик зиёлилардан

Дейлик, сон жиҳатидан Афғонистон ўзбекларидан у қадар фарқ қилмайдиган шиа ҳазоралари ўрни ҳар ерда кўзга ташланади. Давлат идоралари, нодавлат ташкилотлари, ўқув юртлари ё вазирликларда ҳазоралар кўплаб учрайди.

"Ҳазоралар қаттиқ камситилган ва кўплари шаҳарларда яшашган. Кейин урушларда мазҳабдош Эрога қочиб ўтиб, у ерда яхши таълим олиб қайтишди" - деганди шибирғонлик зиёли танишим.

"Ўзбеклар эса аксари қишлоқларда яшашади, бесавод ва ҳеч қачон йирик шаҳарларга интилишмаган ва юз минглаб сонда Ўзбекистону Эронга қочиб ўтишмаган. Шу боис уларнинг саводхонлиги ва сиёсий интилишлари анча паст, мавқелари ҳам бирмунча заиф".

Шу асно ҳатто Афғонистондаги ўзбеклар сони борасида бирон ҳақиқатга яқин тўхтамга келинмаган.

Ҳали ўтган асрнинг 70-йиллари Совет тадқиқотчилари Афғонистон аҳолиси 16 миллион бўлган бир пайтда, у ерда 2 миллионга яқин ўзбек яшайди, деб ёзишганди.

Бугун Афғонистон нуфузи 27 миллион дейилади, аммо ўзбеклар сони негадир бир ярим миллион, деб таъкидланади .

Тўғри, айни ҳолатдан ўзбек зиёлилари норози, аммо мамлакат шимолидаги 8 вилоятда зич яшовчи миллатдошлари сони бу қадар кам эмаслигини исботлаш ҳозирча имконсиз.

Image caption Афғонистонда ҳам ўзбеклар моҳир ошпаз, ҳунарманд ва нонвой сифатида ном чиқаришган

Бироқ илк президентлик сайловида ўзбеклар етакчиси саналмиш Генерал Дўстум 10 фоиз овоз олганди. Бу эса умумий аҳоли сонига солиштирганда, камида уч миллион ўзбек бор деган фикрга етаклайди.

Бунинг устига, шимол-шарқий Афғонистондаги аксар мужоҳидпараст ўзбеклар собиқ коммунист бўлмиш Абдулрашид Дўстумга овоз беришмагани эҳтимоли катта. Бу эса ўзбеклар сони аслида янада кўпроқ эканлигини кўрсатиши мумкин.

Аммо кўпчилик гап сонда эмаслигини англай бошлаган.

"Сифат керак, сифат" - дейди ҳозир Японияда илмий иш билан банд фарёблик ўзбек дўстларимдан бири - "Болаларни ўқитиш, кўп тил ўргатиш, давлат идораларига жалб этиш ва ижтимоий-сиёсий фаолликларини кучайтириш шарт".

"Ватанни бориб кўтарайлик, бу билан ўзбеклар қадди ҳам кўтарилади. Бўлмаса, Афғонистон кимларнинг қўлига ўтиб кетади".

Лекин бу мақсад осон эмас. Аввало, овлоқ ўзбек минтақаларида мактаблар афтодаҳол. Кўпчилик умид кўзини тикадиган Ўзбекистон билан орада маданий ва савдо алоқалари кучли эмас, борди-келди қилиш оддий одамлар учун амримаҳол.

"Ўзбекистон телеканали истаймиз"

Image caption Ўзбек минтақаларида Президент Карзайдан кўра Генерал Дўстум аксларини кўпроқ учратасиз

"Бизга мутахассис, китоблар ва маъанавий жиҳатдан Ўзбекистоннинг қўллови зарур" - дейди Жоузжондан тилшунос олим - "Аммо Ўзбекистоннинг биз билан ҳеч иши йўқ. Аслида, ўзбек маданиятини гуркиратиш ва таъсирини ошириш учун бу жуда ўнғай имконият-ку!"

Аммо чекловларга қарамай, ўзбек маданияти Афғонистон шимолини шиддат билан забт этмоқда.

Кўпчилик оилалар бемалол Ўзбекистон телеканалларини кўришади. Бозорда ўзбекча видеоклиплару фильмлар сотиб олиш мумкин. Пули борлар қамарий антенналардан Ўзбекистонни томоша қиладилар.

"Ғарб телеканалларини оила бўлиб кўра олмаймиз. Ҳатто ҳинд фильмлари ҳам очиқ-сочиқ, бузилиб кетган" - дейди Мозори Шарифда яшовчи муаллима - "Ўзбекистон телеканалларида эса ҳаммаси меъёрида. Очиқ саҳналар йўқ, дам олиш барномалари кўп, ўз тилимизда турли фильмлар кўрсатишади ва тарбиявий дастурларга ҳам катта эътибор беришаркан".

Хонандалар машҳурлиги эса ҳатто Кобулга ҳам етиб бормоқда.

Эсимда, анча йиллар олдин Туркманистон чегарасига яқин Андхўй шаҳарчасига борганимда, менинг Ўзбекистондан келганимни билган одамлар бир илтимосни такрорлашарди.

"Илтимос, Тошкандга қайтиб борсангиз, Ислом Карим-бобога айтинг, биз тарафга ҳам Ўзбекистон телеканалини келтирсинлар. Мана Мозори Шариф ва Шибирғон бемалол Тошканду Термиз каналларини томоша қиладилар" - дейишарди улар.

"Биз ҳам ўзбекча фильм ва концерт кўргимиз келади, аммо бу ерда фақат Туркманистон каналлари ва кун бўйи туркман президентини кўрсатадиган телеканалдан зерикдик, Ўзбекистон телеканалларини истаймиз".

Image caption Айрим оилалар ўз фарзандларига таълим бериш орқали жамиятда ўзбеклар мавқеини кўтариш мумкин, деган фикрга келмоқдалар

Шимолда ўзбеклар қанчалик зич яшашмасин, пойтахт Кобулда уларнинг таъсири ва сони сезилавермайди.

Тўғри, ҳозир муайян зиёли синф вакиллари ва ўта йўқсил мардикорлар пойтахтга омад ё ризқ истаб кўчиб келишмоқда. Аммо ўзбекларнинг ўтроқ табиати уларни ўз минтақаларидан узоқда доимий яшаб қолишларига изн беравермайди.

Афғонистон битта, Ўзбекистон битта...

Афғонистонда ўзбеклар мавқеи секин-аста ошиб бораётгани кўзга ташланади ва бу сўнгги ўн йиллик ўзгаришлари маҳсулидир.

Бироқ бу мамлакатда барчага ҳам хуш ёқадиган ҳолат эмас.

"Ўзбеклар аслида руслардан қочиб Афғонистонга келиб қолишган" - деганди бир паштун танишим бу миллатнинг келгинди эканлигига ишора қилгандек.

Бу гапда ҳам бирмунча жон бордир, лекин ҳақиқат шулким, бу заминда азалдан ўзбеклар яшаб келишган ва ўз вақтидаги ҳукмронлар айнан ҳозирги ўзбекларнинг ота-боболаридир.

Бобурни Самарқанддан келган дейишади. Лекин бу заминда Алишер Навоий киндиқ қони томган, Ҳусайн Бойқаро ҳукм сурган. Ғазнавийлар ва Кушонлар салтанатлари ҳар вақт Афғонистонни ҳам ўз ичига олган.

Шу жиҳатдан олганда, ўзбеклар ўз тарихий илдизларини айни мамлакатда кўришади.

Image caption Қонуншунос ва ҳуқуқбон Саломат Азимий каби билимли ва фаол ўзбек аёллари ҳам кўпаймоқда

Уларда бўлгинчилик кайфиятлари йўқ. Фақатгина ўз ҳақ-ҳуқуқларини кучайтириш ниятида Афғонитсон федерал давлат бўлиши керак, деб айтадиган ўзбеклар кўп.

Термиздан Мозори Шарифга Ўзбекистон темир йўл ётқизаркан, илк галда суюнганлар ўзбеклар эди.

Ўзбекистон нафақат маданий, балки иқтисодий маънода ҳам кириб келмоқда. Ўртада алоқалар кучаяди ва Афғонистон ҳукумати биз ўзбекларни кўпроқ ҳурмат қила бошлайди, деган ўзбеклар кўпчилик эди.

Аксарият ўзбеклар учун Ўзбекистон ота юрт ва ортимизда шундай мамлакат турганидан фахрланамиз, дейишади. Бироқ ўз мавқеи ва ўринларини айнан Афғонистонда топишни истайдилар.

"Толибон даврида Ўзбекистондан мужоҳид ва жангарилар қочиб келишганди" - деб эслайди маҳаллий лавозимда ишлаган балхлик зиёли - "Улар келиб, ўзбеклардан дастак исташди, аммо оддий халқ ҳам, биздаги ўзбек етакчилари ҳам уларни рад этдик. Чунки улар Ўзбекистонга қарши эканлар".

"Биз бир гапни айтдик: Афғонистон ўзбеклари ўзбекнинг ягона давлати бўлган Ўзбекистонга қарши боришмайди. Биз учун бир Афғонистон бор бўлса, яна бир Ўзбекистон бор!"

Бу мавзуда батафсилроқ