Қирғизистонда учоқ ҳалокатга учраган

Қирғизистон расмийларига кўра, Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасида учоқ ҳалокатга учраган.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 15 ларга яқин юз берган.

Пойтахт Бишкекдан 160 километрча ғарбда Чуй вилоятининг Чалдовар қишлоғи аҳолиси учоқ қулагани ҳақида Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги расмийларига хабар берганлар.

Қирғиз расмийларига кўра, учоқ АҚШнинг C-135 ёнилғи ташийдиган ҳарбий учоғи бўлган.

Талофотлар ҳақида маълумот олинмаган.

Ёнилғи ташийдиган учоқ бортида бир неча учувчи бўлган.

Учоқ аҳоли истиқомат қилмайдиган тоғли ҳудудда - Чон-Арик ва Чолок-Арик қишлоқларига яқин жойда қулаган.

АҚШнинг Бишкекдаги "Манас" аэропортида жойлашган Транзит Ташиш Маркази ҳалокат борасида хабар бермаган.

"Манас" Транзит марказидан учоқ ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар текширилаётганини маълум қилишган.

Маҳаллий аҳоли вакиллари айтишича, учоқ ҳали осмондалигида бир неча бўлакка бўлиниб қулаган.

Учоқ қолиқлари катта тоғли ҳудудда сочилиб кетган.

Ҳодиса жойига етиб борган қутқарувчилар кучли аланга сабабли учоқ қолдиқларига яқинлаша олмаганларини айтганлар.