Қирғизистон: АҚШ ҳарбий учоғининг учувчилари жасадлари топилган

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистондаги қидирувчиларга кўра, 3 май куни ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай ҳалокатга учраган KC-135 Stratotanker ёқилғи қуйиш учоғи парчалари орасида учоқ экипажининг уч аъзоси жасади қолдиқларини топганлар.

Бортига ўнлаб тонна ёқилғи ортилган деб ишониладиган учоқнинг пойтахт Бишкек яқинидаги "Манас" аэропортидан Афғонистонга йўл олгани хабар қилинган.

Икки америкалик учувчининг жасади ҳалокатга яқин жойда шанба куни маҳаллий вақт билан эрталабки соат 7 да топилган.

Қирғизистон ҳукуматининг учоқ ҳалокатини текшираётган комиссияси аъзоси Толонбек Арпатчиевнинг "Франс Пресс" ахборот агентлигига хабар беришича, кейинроқ учинчи жасади қолдиқлари ҳам топилган.

Учоқ парчалари пойтахт Бишкекдан 98 километр узоқликда, Чуй вилоятининг Чалдовар қишлоғига яқин жойда топилган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиласи Анара Мамбеталиева сўзларига кўра, учувчиларнинг куйиб кетган жасадлари қолдиқлари учоқнинг тумшуқ қисми тушган жойда топилган.

Учоқнинг асосий қисми эса бу жойдан бир неча километр узоқликда қулаган.

Гувоҳларга кўра, ҳарбий учоқ ҳали ҳаводалигида портлаган ва бўлакларга бўлиниб ерга қулаган.

Экипаж аъзоларининг исми-шарифи эълон қилинмаган, учувчилар жасадлари қолдиқлари "Манас" Транзит марказига олиб кетилган.

Америкалик мутахассислар ҳам ҳодиса жойида ишлаётганлари, улар учоқ "қора қутиси"ни қидириш билан бирга учоқ қолдиқларини йиғаётганлари хабар қилинмоқда.

Ҳалокатга техник носозлик сабаб бўлгани-бўлмагани ўрганилмоқда.

Қирғизистондаги айрим маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, учоқ "Манас"дан ҳавога кўтарилган пайтда бу ҳудудларда довулли об-ҳаво кузатилган ва учоқ довулни айланиб ўтишга интилаётган бўлган.

"Манас" Транзит маркази АҚШнинг Афғонистондаги амалиётлари учун ўта муҳим марказ ҳисобланади.

Марказдан ҳарбийларни Афғонистонга олиб бориш ва олиб қайтиш, ҳарбий учоқларга ёқилғи қуйиш мақсадида фойдаланилади.

У ерда 1500 Америка ҳарбийси хизмат қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ