Тожикистон Ислом Уйғониш партияси сайтига тўсиқни олиб ташлашни талаб қилди

Тожикистондаги Ислом Уйғониш партияси ўз расмий сайтига қўйилган тўсиқни олиб ташлашни талаб қилган.

Партия раҳбарияти чиқарган баёнотда айтилишича, 25 апрелдан бери Тожикистон ҳудудида Ислом Уйғониш партияси расмий сайтига киришнинг имкони бўлмаётир.

Баёнотда nahzat.tj саҳифаси мамлакатдаги интернет провайдерлари томонидан тўсиб қўйилгани таъкидланган.

Би-би-сининг Душанбедаги мухбири Мардон Муҳаммадга кўра, унинг Тожикистон Алоқа хизматидан айни ҳолатни изоҳлашни сўраб қилган уринишлари зое кетган.

"Идора раҳбари Бек Зуҳуров телефонларга жавоб бермади. Бошқа ходимлар бу ҳолатни изоҳлашдан бош тортишди ва "фақат идора раиси сабабларни шарҳлаш ваколатига эга" эканлигини айтишди. Баъзи ходимлар эса, сайт очилмаётганини техник ноқисликлар билан боғлашди. Бироқ, бу қандай ноқисликлар эканига ойдинлик киритишмади", дейди Би-би-си мухбири.

Ислом Уйғониш партияси партияси бу даъволарни рад этган ва ўз расмий саҳифаси сиёсий важлар боис тўсиб қўйилганини айтган.

Партия чиқарган баёнотда расмий сайтига тўсиқни олиб ташлаш ва мазкур ҳолатга уч кун ичида расман тушунтириш бериш талаб қилинган.

"Ислом Уйғониш партияси агар талаби қондирилмаса, кейинги қадами нима бўлиши борасида гапиргани йўқ. Аммо, Тожикистон қонунларига биноан бирон ташкилот мамлакат расмий идораларига мактуб ёзиб, муайян ҳолатлар бўйича тушунтириш сўраса, бу сўровга 3 кун ичида расмий жавоб қайтарилиши лозим", дейди Би-би-си мухбири Мардон Муҳаммад.

Тожикистондаги номлари сир қолишини истаган баъзи интернет провайдерлари эса, Би-би-си билан суҳбатда бу ҳақда очиқ гапира олмасликлари, аммо ҳақиқатдан ҳам уларга мамлакат Алоқа хизматидан Ислом Уйғониш партияси расмий сайтига тўсиқ қўйиш бўйича оғзаки кўрсатма берилганини айтишган.

Кейинги 3 ой давомида Ислом Уйғониш партиясига ҳукумат босимлари ортган. 25 апрел куни партия ташкил этилганига 40 йил тўлганини нишонланаркан, ҳукумат ушбу сана муносабати билан ўтказиладиган тадбирга ташқи мамлакатлардан вакиллар келишларига ҳам тўсиқлар яратган.

Ушбу маросимлар арафасида Ислом Уйғониш партияси раиси ўринбосари Муҳаммадали Ҳайит номаълум шахслар тарафидан дўппослаб кетилган. Ҳозиргача бу ҳужум кимлар томонидан бўлгани аниқланмаган.

Бу йил Тожикистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтиши кутилади. Ислом Уйғониш партияси ўзига қарши босимлар ортишини айни мана шу сайловлар билан ҳам боғлайди.

Бу мавзуда батафсилроқ