Қозоқ-Туркман президентлари янги "Болашак" темир йўлини очишди

Image caption Икки мамлакат президентлари янги темир йўл истиқболига ишонишмоқда.

Қозоғистон-Туркманистон чегарасида янги темир йўл йўналишининг очилишига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган икки мамлакат президентлари бу йўлнинг Осиё ва Оврўпони, Шимолни Форс кўрфази билан боғлашига катта умид билдиришган.

Қозоғистон билан Туркманистонни қуруқлик орқали улайдиган янги темир йўлининг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросим 11 май куни икки мамлакат чегарасидаги “Болашак” станциясида бўлиб ўтган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов олтин рельслардаги олтин болтларни рамзий қотириш билан йўлни очиб берганлар.

“Ҳозирги шароитда вақт жуда муҳим омил ҳисобланади. Шу муносабат билан юк айирбошлаш ҳар қандай транзитчининг жиддий рақобат устунлигини таъминлайди”, деб айтган Президент Назарбоев.

Жаноб Назарбоевга кўра, ушбу йўл бутун Каспийбўйи минтақасининг стратегик аҳамиятини янада оширади.

“Қозоғистон-Туркманистон-Эрон темир йўл лойиҳасининг амалга оширилиши Овросиё ҳудудида транспорт оқимларини қисқартиришда улкан имкониятларни яратади. Бу йўл Оврўпо мамлакатларига Болтиқ денгизи бандаргоҳларидан Яқин ва Ўрта Осиё ҳамда Ҳинд уммонидаги товар ва хомашё бозорларига чиқишлари учун йўл очади. Транспорт масофаси ва йўлга кетадиган вақтни қисқартиради”, деди Президент Бердимуҳамедов.

“Болашак-Серхетака” темир йўл йўналиши Қозоғистондан чиққан поездларнинг Туркманистон ҳудуди орқали ўтиб Эронга етиб боришини таъминлайди.

Шу куни янги очилган темир йўл орқали Қозоғистондан Туркманистонга дон ортилган илк юк вагонлари ўтган.

Ушбу лойиҳа Марказий Осиёнинг қоқ юрагида бўлган Ўзбекистонни четлаб ўтган яна бир янги лойиҳа бўлган.

Шу йилги Наврўз байрамини биргаликда Ашхободда нишонлаган Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари Ўзбекистон ҳудудини айланиб ўтадиган янги темир йўлни қуриш ҳақидаги ҳужжатларни имзолаган эдилар.

Режага кўра, Афғонистондаги Кобул шаҳридан 650 километр шимоли-ғарбда жойлашган Акина-Андхой шаҳрини Туркманистоннинг Атамират ва Тожикистоннинг Панжи билан боғлайдиган темир йўлнинг узунлиги 400 километрни ташкил этади.

Бу темир йўлни қуриш июл ойида Туркманистон ҳудудидан бошланиши ва унинг Афғонистон ҳудудидаги қисмини ҳам туркман мутахассислари барпо этишлари хабар қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ