'Бизда 'Ҳизбут-таҳрир' аъзоларининг сони 20.000 га етиб қолди'

Қирғизистонлик юқори мартабали мулозимларга кўра, мамлакатларида диний партиянинг ана шунча сондаги аъзоси ноқонуний тарзда фаолият олиб боради.

"Ҳизбут-таҳрир"нинг фаолияти эса, диний-экстремистик ташкилот мазмунида бошқа минтақа давлатларида бўлгани каби Қирғизистонда ҳам ўн йилча бурун расман ман этилган.

Қирғизистон Бош вазири муовини ушбу масалани, ҳатто, мамлакат парламенти мудофаа ва хавфсизлик ҳайъатининг йиғинида муҳокама этган.

Вазир муовинининг айтишича, "Ҳизбут-таҳрир" аъзолари асосан шимолий Талас ва Чўй, қисман Ўзбекистонга қўшни жанубий Ўш вилоятининг айрим туманларида фаоллар.

Шамил Отахоновга кўра, "ҳозир Қирғизистон хавфсизлик идоралари уларнинг фаолиятини фош этиш йўлида иш олиб боришмоқда".

Агар, вазир муовини йиғин чоғида келтирган рақамларга қаралса, "шу пайтгача диний экстремизм билан боғлиқ жаъми 200 га яқин жиноят аниқланган ва юздан ортиқ жиноий иш очилган. Икки мингдан ортиқ варақа мусодара этилган".

Аммо сўнгги хабар ортидан биз суҳбатга тортган Қирғизистон жанубилик маҳаллий имом Рашод қори Камоловнинг айтишича эса, масъуллар келтираётган маълумотлар бўрттириб кўрсатилган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Кузатувлар нима дейди?

"Мен қарийб етти йилдан бери имомлик қилаётган бўлсам, ўз фаолиятим давомида "Ҳизбут-таҳрир" аъзоларининг сони бу қадар кўпайганига нафақат ўз минтақам, балки ён-атрофдаги ҳудудларда ҳам гувоҳ бўлганим йўқ", дейди у.

Имом Рашод қори Камолов, ўз шахсий нуқтаи назари эканини алоҳида урғуларкан, масъулларнинг сўнгги баёнотлари ортида иккита сабаб турибди, дейди:

"Биринчидан, "Ҳизбут-таҳрир"ни радикал гуруҳ дея кўрсатиб, уларга қарши курашиш учун пул олиш, муайян вазифаларни эгаллаш, берилаётган грантлардан фойдаланиш мақсадида кўпроқ маблағ ажратишлари мақсадида кўрсатилаётган маълумот. Иккинчидан, Марказий Осиёдаги сиёсат борасида "чизилаётган проектлар"да шунақа бир диний гуруҳларнинг фаоллашаётганини кўрсатиш мақсадида қилинган иш деб биламан", дейди у киши.

Ўз ўрнида, имом Рашод қори Камолов, бошқа минтақа давлатлари билан солиштирганда, Қирғизистонда давлат кучсизроқ экани боис, диний эркинликлар имконияти юқорироқ экани, шу сабабдан ҳам, "Ҳизбут-таҳрир"га ўхшаш гуруҳлар фаоллашган бўлишлари мумкинлиги эҳтимолини ҳам назардан соқит этмайди.

Аммо, унинг ўз кузатувларидан келиб чиқиб айтишича, гуруҳ аъзоларининг фаолият услублари ҳозирга келиб ўзгарган, ривожланган.

"Куч ишлатар тизимлари ходимлари кўрсатаётгандек варақалар ёки диний мотивлар деган нарсаларнинг ҳаммаси туҳмат, бўҳтон. Уларнинг фаолиятлари умуман ўзгарган, ривожланган", дейди имом Рашод қори Камолов.

Унинг айтишича, ўз веб саҳифаларини оммалаштириш учун улар бугунги кундаги ахборот воситаларидан, интернетдан фойдаланишади, дўстлари билан "Одноклассники" ва "Фейсбук" каби ижтимоий мулоқот тармоқлари орқали диний маълумотлари ва фикрлари билан ўртоқлашишади.

Нималар ҳақида сўз юритишади?

"Уларнинг фаолиятларида Марказий Осиё давлатларининг олиб бораётган сиёсатлари, Яқин Шарққа оид сиёсатлар, Американинг Марказий Осиёга қаратилган лойиҳаларни мусулмонларнинг устиларига зўравонлик қилаяпти, деган фикрлар кўпроқ устунлик қилади. Мана шу нарсаларни исботи билан ёки ҳужжатлари билан беришга ҳаракат қилишади".

Суҳбатдошимиз шахсий бўлмай, жамоавий ҳаракат бўлгани учун ҳам, ҳатто, уларнинг ичига киролсангиз ҳам, беш-ўн кишидан уёғига ўтолмайсиз, чунки хавфсизликларини ўйлаб, тизимлари шунақа тузилган, дейди.

Аммо, унинг айтишича, "инсонда табиатан мазлум тарафга мойиллик бўлгани учун ҳам, буларга нисбатан Ўзбекистонда бўлсин ёки Тожикистонда, баъзан Қирғизистонда, тазйиқлар ёки ноинсоний ҳаракатларни фош қилиб, шу жиҳатдан ўзларининг мазлумликлари ва ҳақиқатда диндор эканликларини исботлагандек бўлиб, халқни ўзларига жалб қилишади".

Ўтган ой охирида жанубий Ўш вилоятида "Ҳизбут-таҳрир"га аъзоликни қоралаш ва ундан омма олдида воз кечишга қаратилган тадбир ҳам ўтказилганди.

Бундан олдинроқ ҳам матбуотда диний-экстремистик гуруҳлар Қирғизистон жанубида фаоллашгани борасида хавотирли чиқишлар қилинган.

Бироқ маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ва диндорлар бундай хавотирларга асос йўқлиги, кўпда вазият бўрттирилиб кўрсатилишини айтишади.

"Ҳизбут-таҳрир" 1953 йилда ташкил этилган исломий партия ҳисобланади.

"Ҳизбут-таҳрир" ўзининг мақсади бутун дунё бўйлаб исломий халифаликни ва исломий ҳаёт тарзини жорий этиш эканини айтади.

"Ҳизбут-таҳрир" Марказий Осиё мамлакатлари ва Россияда террорчи, диний-экстремист ташкилот деб кўрилади, бу фирқа аъзолари узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилишади.

Бу мавзуда батафсилроқ