Қирғизистон: АҚШ элчилиги олдида намойиш бўлиб ўтди

Қирғизистон матбуоти хабар беришича, Бишкекдаги Америка элчихонаси қаршисида йиғилганлар Максим Бакиев иши охиригача олиб бормай тўхтатилганидан норозилик билдиришган.

Намойишчилар элчилик Максим Бакиевни Қирғизистонга экстрадиция қилинишига таъсир кўрсатишини талаб қилишяпти.

Мухбирларга кўра, "Мекен Шейттери", "Ойкол Ала-Тоо"жамоатчилик бирлашмалари ва "Апрел Байрағи"партияси аъзолари АҚШ элчилиги олдида тўпланганлар.

"Қачонки иш Максим Бакиев каби жиноятчиларга таалуқли бўлса, улар жазога тортилиши учун барча чораларни ишга солиш керак. АҚШ бу вазиятда ўзининг демократия талабларидан чекинмоқда. Биз Америкадан Максим Бакиев ишини охиригача олиб бориб, уни Қирғизистонга олиб келинишига эришишимизда кўмаклашишини сўраймиз",- деб айтган "Мекен Шейттери" раҳбари Осунбек Жамансариев.

Қирғизистондаги Америка элчилиги бу ҳақда ҳали бирор муносабат билдирмади.

Қирғизистон собиқ президентининг ўғли Максим Бакиев ўтган йили 12 октябрда Лондонда АҚШ ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари сўрови билан қўлга олинган. Бироқ ўша куннинг ўзида 400 минг АҚШ доллари гаров пули эвазига кичик Бакиевни озод қилган.

7 декабрда Лондонда Максим Бакиев содир этган иқтисодий жиноятлари учун АҚШ сўровига биноан экстрадиция қилиш кўриб чиқилиши керак эди.

Маҳкамани кузатишга борган мухбиримизга кўра, маҳкама Максим Бакиевни таништиришдан сўнг иш 13 майга қолдирганини эълон қилган.

Маҳкамага бир неча кун қолганда Америкада Максим Бакиевга нисбатан жиноят ишининг ёпилиши билан ўз-ўзидан Лондонда уни экстрадиция қилиш бўйича маҳкама ҳам ниҳоясига етган ҳисобланади.

Қирғиз тарафи маҳкама бўлишини кутаётган эди ва табиийки ушбу хабар кутилмаган бўлган.

Америкада Максим Бакиевга нисбатан жиноят ишининг нима сабабдан ёпилгани сабаблари ҳозирча номаълум. Қирғизистондаги журналист Гулнора Қасмамбетованинг айтишича, "Қирғиз расмийлари Максим Бакиевни кўплаб жиноятларда айблаганлар ва энди уни қўлга тушириш учун ва маҳкамага тортиш учун янгича ва қийинроқ йўлларни ўйлаб топишлари керак бўлади. Максим Бакиевга эса маҳкама қароридан сўнг ҳеч қандай экстрадиция хавфи йўқ ва у Лондондаги уйида бемалол ухлайвериши мумкин".

Максим Бакиев Қирғизистонда сиртдан 25 йилга қамалган. Собиқ президент Курбанбек Бакиевнинг ўғли мамлакат Жиноят кодексининг "Жиноятга шериклик","Порахўрлик", "Қирғизистон манфаатларига зид тарзда шартнома тузиш" каби моддалар бўйича айбдор деб топилган.

Бу мавзуда батафсилроқ