Маҳбус ўлимида расмийлар айбланмоқда

Image caption Маҳбус ўлимида расмийлар айбланмоқда

Маҳкум Ҳамза Икромзода ўлимига оид маҳкама ишида у жазони ўтаган қамоқхонада ишлаган тўрт ходим айбланмоқда.

Айблов – уларнинг ўз мансабини суистеъмол қилиши. Ва айнан ана шу ҳолат маҳкум ўлимига етаклаган, деб айтилаётир.

Қоралов тарафи Адлия вазирлигига қарашли қамоқхонанинг маҳкамага тортилган тўрт ходими орасидан Маҳмуд Исмоиловни бевосита маҳкум Икромзода ўлимига алоқадорликда кўрмоқда.

Маҳкум Ҳамза Икромзода 2012 йил сентябрида Душанбе шаҳридаги 1-рақамли ахлоқ тузатиш колониясида оламдан ўтганди.

Расмий хулосага кўра, марҳум ўзини осган.

Уни топиб олган қамоқхона нозирлари илк тиббий ёрдам кўрсатишга уринганлар, бироқ ҳаракатлари натижа бермаган.

Аммо марҳумнинг оила-аъзоларига кўра, у қийноқлар оқибатида оламдан ўтган бўлиши керак.

Яқинларининг урғулашича, жасадда калтаклаш ва дўппослашдан қолган аломатлар, қиздирилган дазмол босилганини англатувчи учбурчак куйган из бўлган.

Аммо Тожикистон Адлия вазирлиги қамоқхоналарда қийноқ қўлланиши ҳақидаги даъволарни қатъий рад этган.

Тожикистон инсон ҳуқуқлари фаоллари эса мамлакатда қийноқлар мунтазам қўлланиб келишини таъкидлашади.

Душанбедаги Би-би-си мухбирига кўра, маҳбусларга нисбатан бу каби шафқатсиз ҳаракатлар ҳеч қачон маҳкамагача етиб бормасди.

Фаоллар қийноқлар ҳақида гапириш Тожикистонда норасман маън этилганини айтадилар.

Мухбиримизннг қайд этишича, Тожикистонда бирон маҳбуснинг қийноққа солинганини амалда исботлаш имконсиз бўлиб келган.

Душанбедаги ҳозирги маҳкама эса маҳкум ўлимида расмийлар айбланаётган илк жараёндир.

Бу мавзуда батафсилроқ