HRW: Қирғизистонда судланган ўзбек ҳимоя қилиниши керак

Image caption "Қирғизистон маҳкамаларида зўравон аёлларнинг безориликларига чек қўйилиши ва ўзбекларга нисбатан адолатли маҳкама ўтказилишини таъминлаш зарур", деб айтган Халқаро ҳуқуқ ташкилоти.

2010 йил июн ҳодисалари билан боғлиқ жиноятларда айбланган этник Ўзбек ишининг тинглови пайтида юз берган суд залидаги зўравонлик унинг адолатли маҳкама ҳуқуқини жиддий поймол этади.

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти ана шундай баёнот тарқатган.

Бундай зўравонлик ва душманлик ҳолатлари 2010 йилдаги миллатлараро тўқнашувларда айбланган этник Ўзбекларнинг 2011 йил сентябридан бошланган бошқа маҳкамаларида ҳам бир неча марта рўй берган.

2013 йил 15 майда Ўш вилоят суди биносида бўлиб ўтган маҳкамада бир қанча аёллар судланувчи Муҳаммад Бузруковга ташланиб, унга шиша буюм ва сумкаларини улоқтиришади. Шунингдек аёллар ҳакамга бақириб, судланувчига етиб бориш учун қўриқчиларни ҳам уришади.

"Агар Бузруковлар, унинг ҳимоячиси, ҳакамлар ва қўриқчилар ҳар сафар маҳкама залига чиққунча ўзларининг хавфсизликлари учун хавотирланишса, тизимнинг илдизида муаммолар бор,-деб айтади Human Rights Watchнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Ритман.- Бу иш бошиданоқ зўравонлик билан ўралган эди, бунга нуқта қўйиш керак. Қирғиз ҳукумати бу аёллар томонидан адолатга тўсқинлик қилишни тўхтатиши керак",- дейди у.

35 ёшли Бузруков 2011 йил июн ойида этник қирғиз Алмаз Асқаровнинг ўлимида алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган.

Бу айблов бўйича бир қанча маҳкама тингловлари бўлиб ўтган ва ҳар сафар бир тўда жанжалкаш аёлларнинг зўравонликлари билан давом этган.

2013 йил феврал ойида Олий маҳкама Бузруковнинг ишини қайтадан кўриб чиқиш учун вилоят маҳкамасига қайтаради.

15 майда маҳкамани кузатувчиларнинг Хьюман Райтс Вотчга айтишларича, залда Асқаровнинг ўндан ортиқ қариндошлари бўлишган. Қўриқчилар Бузруковни маҳкама залига олиб кирганида , бир нечта аёл ҳақоратлар билан унга ташланишган ва калтаклашга ҳаракат қилишган. Қўриқчилар Бузруковни темир панжара ичига киритганидан сўнг жойларига қайтиб ўтиришган. Гувоҳларнинг айтишича, залга уч ҳакам кириб келганда ҳам марҳум Асқаровнинг онаси ўрнидан сакраб туриб ҳакамларни порахўрликда айблай бошлаган. Залга гувоҳлар чақирилганда ҳам аёл бақиришдан тинмагани айтилади. Кузатувчилар ҳакам Асқаровнинг онасини тартибга келтириш ёки чиқариб юбориш учун ҳеч бир чора кўрмаганини айтишган. Бунинг ўрнига ҳакамлар маҳкама ишини 5 июнга қолдирилганини эълон қилишган ва зални тарк этишган.

Қўриқчилар Бузруковни панжарадан ташқарига чиқаришганда яна аёллар унга ташланиб, урмоқчи бўлишган. Қўриқчилар Бузруковни олиб чиқишга зўрға муваффақ бўлишган. Бундан ғазаби баттар қўзиган аёллар милиция ходимларини ура бошлашган. Аёллар битта милиция ходимининг кўйлагини йиртиб ташлашган.

Қирғизистон Жиноят Кодексининг 234- моддасига биноан, ҳуқуқ тартибот ходимларига қаршилик қилганлик учун етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган. 317- моддага кўра, адолатни қарор топтиришга қаршилик кўрсатиш ҳам жиноий иш ҳисобланиб, уч йилгача қамоқ жазоси берилиши ёзиб қўйилган. Судга ҳурматсизлик эса 321- моддага кўра, йирик жарима ва икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилишни кўзда тутади.

Бироқ ҳуқуқ фаолларига кўра, Қирғизистон маҳкамалари миллий озчиликларга таалуқли ишларни кўрганда бундай ноқонуний ҳаракатларга доимо кўз юмиб келишади.

"Қирғиз ҳукумати маҳкама залидаги безориликлар, хусусан охирги шу каби ҳодисани текшириб, тегишли чора кўриши ва Бузруковнинг ҳимояси таъминланиши зарур,- деб айтган Мира Ритман. -"Қирғиз маҳкамаларидаги зўравонликлар тўхтатилиши лозим, қонунбузарлар жазосиз қолмаслиги керак",- дейилади Human Rights Watch эълон қилган баёнотда.

Бу мавзуда батафсилроқ