EBRD: 'Марказий Осиё иқтисодларида шахсий секторни ривожлантириш керак'

Шўролар тизими қулаши ортидан Марказий Осиё давлатларига иқтисодий ислоҳотларни йўлга қўйиш учун молиявий қўллов бериб келган икки халқаро молия ташкилоти Бишкекда босиб ўтилган йўлга баҳо бериш мақсадида йиғилдилар.

Оврўпо Тикланиш ва Тараққииёт Банки ва Халқаро Валюта Жамғармаси вакиллари ўтган 20 йилда эришилган ютуқлар ва жорий иқтисодий бўҳрон вазиятида келажак режаларни кўриб чиқдилар.

Хўш, Марказий Осиё давлатлари оғриқли ва тало-тўпларга бой бу даврни қандай кечиб ўтдилар?

"Ўтиш даври" оддий фуқаролар кутган нарсаларни бера олдими? Ё одамлар ҳануз Шўролар давридаги барқарорликни қўмсаб яшамоқдаларми?

Оврўпо Тикланиш ва Тараққииёт Банкининг Бош Иқтисодчиси Ерик Берклефнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, одамлар орасида ўтмишни қўмсаш ҳислари албатта бор.

"Лекин Марказий Осиё давлатлари бу давр мобайнида жуда баланд суръатлардаги иқтисодий ўсишни бошдан кечирдилар", деди жаноб Берклеф.

Ерик Берклеф: Албатта улар дастлаб ўта паст даржадаги ўсишдан бошладилар. Лекин шуни ёддан чиқармангки, улар Шўролар даврида Москвадан ўтказмаларга қарам эдилар. Фикримча, баъзилар ҳануз ўша даврни соғинадилар. Лекин у тизим узоқ муддатли бирон нарса яратиш йўлида хизмат қилмаганди. Ҳозирда давлатлар ҳам иқтисодий ва ҳам сиёсий ислоҳотлар соҳасида жуда катта илгари қадам ташладилар.

Би-би-си: Ўтказмаларни тилга олдингиз, бизга маълумки бу давлатлар ҳануз ўтказмаларга муҳтожлар. Лекин ҳозирда бу ўтказмалар давлатдан эмас шахслардан келмоқда, Россияда ишлаб, пул топаётганлардан келмоқда. Яъни бир маънода, пул ҳануз Москвадан келмоқда шундайми?

Ерик Берклеф: Ҳа албатта шундай бўлмоқда. Бу иқтисодларда ишлатилаётган пулларнинг мухим қисми хориждан юборилаётган пулларга тўғри келмоқда. Лекин бу молиянинг яхши манбаи эмас. Чунки жуда кўплаб ташқи факторларга боғлиқ. Бундан ташқари мамлакатнинг ўзида яшаётганлар томонидан қилинмаган уринишлар ортидан келмоқда. Хуллас, албатта бу пулларнинг муҳим манбаи, лекин биз бу манбадан узоқлашиш йўлларини топишни истардик.

Би-би-си: Бунга қандай қилиб эришиш мумкин? Хориждан юборилаётган пуллар ва асосан хом ашёга асосланган иқтисодларни ўзгартиришларнинг қандай йўллари бор?

Ерик Берклеф: Менимча бу ерда шахсий секторни ривожлантиришга эътибор қаратиш керак. Давлат сектори аралашувини камайтириш, аксинча давлатни бу каби ривожланишга туртки берувчи, бозорни ҳимояловчи асбоб сифатида ишлатиш керак. Коррупция даражасини пасайтириш, соғлом рақобатни кучайтиришга эришиш керак. Мраказий Осиёдаги кўплаб иқтисодлар ҳануз марказдан ўта кўп бошқарилади ва ҳаддан ташқари мужассамлашган.

Би-би-си: Коррупция даражасини пасайтириш керак дедингиз, соғлом рақобат керак, дедингиз, бу бизнеслар элита қўлида эмас, ҳамма учун очиқ бўлиши кераклигини ангалатадими? Оврўпо Тикланиш ва Тараққииёт Банкининг айтаётган нарсаси шуми?

Ерик Берклеф: Ҳудди шундай...Бозорга янги гуруҳларни олиб келиш, шахсий секторнинг бозорга кириб келиши ва унинг ўсиши йўлидаги тўсиқ ва чекловларни камайтириш. Бунинг учун эса "йирик ўйинчилар" учун қоидаларни қатъийлаштириш керак, давлатнинг қилиши керак бўлган нарса шу.

Бу мавзуда батафсилроқ