'Уят, очлик ва совуққа кўникдик '

Image caption Тожикистондаги 25 минг кўзи ожиз бола учун бор-йўғи тўртта махсус мактаб бор

Ҳисордаги кўзи ожизлар мактабида ўқийдиган Руҳафзо келажакда хонанда бўлиш орзусини айтади.

"Ҳамма менинг овозим яхшилигини айтади" - дейди қизалоқ - "Лекин онам мени мусиқа мактабига олиб боролмайди. Ўзимча пианино чалиш ва ашула айтишни ўрганаяпман".

Руҳафзо ўз орзусига етиши учун бир қадар имконли. У кўзи ожизлар мактабига яқин яшайди ва шу боис бу ерда ёшлигидан савод чиқармоқда.

Аммо Тожикистондаги 25 минг нафар кўзи ожиз боланинг 80% мактабга бориш имкониятидан маҳрум.

Душанбега яқинидаги Ҳисор шаҳарчасида жойлашган интернат-мактаб каби билим даргоҳлари бутун мамлакат бўйича бор-йўғи тўртта, холос.

Аммо мавжуд мактабларда ҳам махсус китоблар ва асбоб-ускуналар тақчил. Маош озлиги боис мутахассис муаллимлар кўзи ожизларни ўқитиш каби қийин касбни ташлаб кетишмоқда.

Ўқишдан сўнг иш йўқ

Тожикистонда бугун нафақат ногирон болалар, балки катта ёшли кўзи ожизлар ҳам оғир аҳволда.

Совет даврида улар ишлаган махсус корхоналардаги маҳсулотларга ҳозир талаб йўқ. Сабаби - бозорларни арзон Хитой моллари босган.

Айримларга кўра, кўзи ожизлар ишлаб чиқариши мумкин бўлган маҳсулотларни четдан келтиришга чеклов киритиш зарур.

Image caption Ногиронлар болалари ҳам баъзида тиланчилик қилиб, нон топишлари керак

Лекин Ҳисордаги махсус мактаб директори Сурайё Солиева ҳозир бу ногиронларни ҳаётга тайёрлаш учун бошқа касбларни ўргатиш зарурлигини таъкидлайди.

"Кўзи ожизлар мактабларини битириб чиққанларнинг иш топиши жуда қийин" - тан олади Солиева-хоним - "Аммо бизнинг ўқувчилар массажчилик, хонандалик, пойабзал тузатиш ва муаллимлик каби касбларни танлашмоқда".

Ҳозир Тожикистон расмийлари соғлом ва ногирон болаларни биргаликда ўқитиш тажрибасини жориш этишмоқчи.

Шу асно ногиронларга нисбатан ҳурмат шаклланади, уларнинг соғлом жамият вакиллари билан бирга яшашлари имкони юзага келади ва узоқдаги интернат-мактабларга кетиб, ота-оналаридан узоқлашиб кетишлари шарт бўлмайди.

Йўл четидаги ҳаёт

"Менинг эрим кўчада туриб, тиланчилик қилади" - дейди кўзи ожиз Қудратой - "Гадойчилик ортидан болаларнинг қорнини тўйдираяпман. Бирон жойда ишлай десам, иш йўқ".

Унинг кўзи ожиз эри бир неча йил олдин кўчада совуқда қотиб, оламдан ўтган. Уч боланинг ташвиши Қудратойнинг елкасида.

Қудратой эри билан бирга ишлаган корхона Совет Иттифоқи билан бига қулаган. Юзлаб кўзи ожиз одамлар ишсиз қолишган.

Бошқа иш топиш қийин. Атиги бир неча долларга тенг ногиронлик нафақаси эса ҳеч нарсага етмайди.

"Баъзан одамлар раҳми келиб ёрдам беришади" - дейди Қудратой.

"Мен доимий очлик, совуқ ва уятга кўникиб ҳам қолдим".